Тўй кортежида кетаётганлар йўл эгаси эмас

Тўй кортежида кетаётганлар йўл эгаси эмас

Ҳаётда тўй мавзуси ҳеч қачон эскирмайди. Чунки ҳаётнинг маъноси, давомийлиги тўйлар билан бевосита боғлиқ. Лекин тўйларнинг қандай ўтказилаётгани, унинг шаклу шамойилига асло бефарқ қараб бўлмайди. 
Чунки тўйлар – халқнинг нафақат турмуш даражаси, балки маданияти, маънавияти кўзгуси ҳисобланади.
Халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланиб бораётгани тўйларда ҳам акс этаётир. Бу нафақат тўкин дастурхонларда, балки тўйда иштирок этаётган мезбону меҳмонларнинг кийинишида ҳам намоён.
Тўйларни батартиб ўтказиш, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасликка қаратилган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Сир эмас, бизда тўйлар илгари ҳеч қачон бир кунлик бўлмаган. Тўй олдидан, ундан кейин ҳам турли маросимлар ўтказиш одатга айланиб кетганди. Ҳозир эса келин салом, чарлар, қуда чақириқ каби турли тадбирлар қисқартирилди. Тўй маросимида иштирок этувчи меҳмонлар сони ҳам анча камайтирилиб, ихчам тўй ўтказиш анъанаси йўлга қўйилди.
Аммо жамиятда жорий этилаётган бу каби тартибларга барча бирдек риоя қиляптими? Афсуски, тартибларга беписанд қарайдиган, босар-тусарини билмай қолаётган айрим кимсалар учун тўйлар ҳамон ким ўзарга қабилида давом этмоқда.
Биргина тўй кортежлари масаласини олайлик. Меъёрни билмайдиган шахсларнинг тўйларидаги тўй кортежлари (автомобиллар “карвони”)да бу ҳол яққол акс этмоқда. Қимматбаҳо маркадаги автомобиллардан таркиб топувчи бундай тўй кортежларида келин-куёвга ҳамроҳлик қилаётган йигитларнинг ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилиб кетиши оқибатида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилмоқда. Уларнинг светофор қизил чироғига бўйсунмаслик, бошқа ҳаракат иштирокчиларини назарга илмай уларга халақит бериш, автомобилни тўғри бошқармай турли ҳаракатлар ҳосил қилиб рулни бошқариш каби хунук одатлари кўпайиб бормоқда.
Энг ёмони, бундай хурмача қилиқлар туфайли турли йўл-траспорт ҳодисалари содир бўлаётгани, келин-куёв кетаётган автомобиль аварияга учраб, тўй азага айланиб кетгани каби нохуш ҳолатлар ҳам содир бўлган. 
Юриб кетаётган автомобилдан ярим белигача чиқиб куйлаётган ёки эшигини ланг очиб тик туриб кетаётган йигитларни тўй видеоларида кўриб одам ҳайрон қолади. Бу билан улар нимага эришмоқчи? Жамиятда ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаётган бундай ёшлар аслида на қонунни, на жамиятни менсимай ўзининг билимсизлиги, маданиятсизлигини намоён қилмаяпдими? Ахир ўзини билган, ақлини таниган одам, аввало. ўзини ва атрофидагиларни ҳурмат қилади.
Тўғри, ёшлик кўпинча шўхликка ҳам қиёс этилади. Бироқ, шўхликнинг ҳам ўз ўрни ва меъёри бўлиши керак. Зеро, қонун барчага баробар. 
Эслатиб ўтамиз, қонунчиликда айнан тўй ва бошқа маросимлардаги транспорт воситалари кортежларининг йўлларда ҳаракатланиши билан боғлиқ меъёрлар белгилаб қўйилган.
Жумладан, мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 129-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойдан бир йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.
Транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси 4-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шунингдек, транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш, мазкур транспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1285-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан тақдим этилган қуйидаги видео орқали мавзу билан боғлиқ маълумотлар билан танишишингиз мумкин:

Хулоса қилиб айтганда, йўллар фақат тўй кортежида кетаётганларники эмас, у барчаники. Ундан фойдаланганда бошқаларнинг ҳуқуқларини бузишдан эҳтиёт бўлинг. Зотан, йўлларда қилинган ножўя қилмишлар нафақат бошқаларнинг манфаати бузилишига, балки умрингизга зомин бўлиши мумкинлигини унутманг!

×