Apple iPhone 17 тақдимоти санасини эълон қилди

Apple iPhone 17 тақдимоти санасини эълон қилди

iPhone'нинг янги авлодини тақдим этишга бағишланган Apple'нинг йиллик тадбири жорий йилнинг 9 сентябрь куни бўлиб ўтади. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.

Тақдимот Калифорниянинг Купертинодаги Apple штаб-квартирасида жойлашган Стив Жобс театрида ўтказилади ва маҳаллий вақт билан соат 10:00 да (Тошкент вақти билан 18:00 да) бошланади. Премьерани онлайн тарзда Apple сайтида, техногигантнинг YouTube-каналида, Apple TV иловасида, шунингдек, унинг ижтимоий тармоқларида кўриш мумкин бўлади.

Apple жами тўртта смартфон моделини тақдим этади: стандарт iPhone 17, бутунлай янги iPhone 17 Air версияси (у серияда унчалик оммалашмаган Plus модификациясининг ўрнини эгаллайди), шунингдек, флагман вариантлари – iPhone 17 Pro ва iPhone 17 Pro Max.

Кутилишича, базавий модель 6,3 дюймгача катталаштирилган дисплейга эга бўлади. U 120 Гц кадрлар частотасини ва LTPO технологиясини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, барча моделлар янги 24 мегапикселли олд камера билан жиҳозланади. Дастлабки маълумотларга кўра, iPhone 17 ва iPhone 17 Pro Max орқа панель дизайни билан фарқланади – унда асосий камера модули учун учта 48 мегапикселли сенсор жойлашган тўлиқ ўлчамли панель бўлади, улар орасида такомиллаштирилган фотокамера ҳам мавжуд. Pro Max версиясида батарея ҳажми 5000 мА*ч соатгача оширилади.

iPhone 17 дан ташқари компания Apple Watch Series 11, Apple Watch Ultra 3 ва Apple Watch SE 3 ни тақдим этади – охирги уч йил ичида илк бор барча янгиланган ақлли соат моделлар бир вақтда намойиш этилади. Шунингдек, америкаликлар янги AirPods Pro 3 қулоқчинларини, янгиланган HomePod мини ақлли карнайини ва модернизация қилинган Apple TV 4 телевизион приставкасини кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, 9 сентябрь куни Apple iOS 26, iPadOS 26, macOS Tahoe ва турли қурилмалар учун бошқа дастурий таъминотларнинг ишга туширилиш муддатларини ҳам эълон қилади.


Теглар:
×