Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактабда янги очиладиган тўртта 1-синфнинг биттаси пулли қилинмоқда. Мактаб директорига кўра, бундай синф ўтган йили ҳам очилган бўлиб, бунда ўқувчиларга 3 маҳал овқат берилади ва кечгача қўшимча машғулотлар ўтилади. Ойлик тўлов – 2,8 млн сўм. Бутун бошли синфни “тижорий” шаклда ташкил этиш қонунчиликда йўқ.
Kun.uz'га Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 50-мактабга боласини бермоқчи бўлган оналардан мурожаат келиб тушди. Улар давлат мактабида пулли синфлар очилаётганидан норози.
“Бу ахир давлат мактаби-ку, нималар қилишяпти булар? Тажрибали синф раҳбарларининг синфлари пулли бўларкан, тажрибасиз, рейтинги пастлариники эса текин. Бу тоза одам ажратиш-ку, ахир. Нималар бўляпти ўзи? Тўлашга пули йўқларнинг фарзанди яхши синф раҳбарида ўқишга лойиқ эмас экан!” – дейди шахси сир қолишини истаган мурожаатчилардан бири.
50-мактаб Тошкент марказида, метронинг Амир Темур хиёбони бекати олдида жойлашган. Kun.uz мухбири фарзандини мактабга бермоқчи бўлган она сифатида мактаб директори Лазиза Арифхонова билан боғланди.
“Тижорий синфларни очганимизга иккинчи йил кетяпти. Ўтган йили биринчисини очганмиз, бу йил иккинчи йил. Бошқа мактабда директор ўринбосари бўлиб ишлаб келганман, у мактабда ҳам пулли синф бор эди, бу тизим ишлаётганига 4 йил бўляпти. Шу сабаб менда бу биринчиси эмас.
[1-синфлар учун] 4 та синф очиляпти, шулардан биттаси – тижорий синф. “Коммерческий” синфларнинг ойига тўлови 2 млн 800 минг сўмдан, 3 маҳал овқати, дарслари, қўшимча машғулотлари, кечгача “кружок”лари билан бирга. Робототехника, чизмачилик, рақс, 2 хил спорт, мастер-класс келади буларга, кейин инглиз тилидан қўшимча дарслар киритганмиз. Ҳозир 2-синфдаги болаларимизга ўзбек тилидан қўшимча дарслар киритганмиз – шунақа қилиб ҳар куни болалар учта-учта машғулотлар билан банд. Бу ихтиёрий”, – деди у.
Мактаб директорига кўра, синфхоналар етишмовчилиги сабабли юқори синфларда пулли тизим қилинмаган. Ҳозирча фақат бошланғичда бор.
Лазиза Арифхонова мактабга қабул қилиш тартибини ҳам тушунтирди.
“20 июнда my.maktab.uz базаси очилади. У базада ўзингизни, кейин фарзандингизни рўйхатдан ўтказасиз, “прописка” бўйича болани мактабга жойлаштиришингиз керак. Кейин август ойида қўшимча квота очилади, худди ўша сайтнинг ўзида асосий квотадан кейин қўшимча квотани танлаб, туманимиз ва 50-мактабни танлаб, навбатга турасиз. Кейин суҳбатга келасизлар. Микроҳудудимиз кичкина, шу сабаб ота-оналаримизда навбатга туришга бемалол имконият бор”, – деди у.
Давлат мактабида пулли синф қилиниши қонунчиликда йўқ
2019 йилда ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомда умумий ўрта таълим муассасаларида пулли таълим хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланган. Ҳужжатга кўра, қўшимча таълим беришга қаратилган пулли таълим хизматларидан фойдаланиш ихтиёрий.
У мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган, яъни давлат таълим стандартларидан ташқари машғулотларни ўз ичига олади. Хизмат мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.
Унинг нархлари мактаб кузатув кенгаши билан келишилган ҳолда, директор томонидан тасдиқланади. Директор ва педагоглар томонидан ўқувчиларнинг мажбурий тартибда пулли таълим хизматларига жалб этилишига йўл қўйилмайди.
Низомда пулли ёки тижорий синфлар тушунчаси қайд этилмаган. Аммо Конституциянинг 50-моддасига кўра, давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Қолаверса, айни модда Ўзбекистон 1994 йилда ратификация қилган “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция”нинг 28-моддасида ҳам акс этган.
Тасодифий хабарлар
Наманганда фирма ҳажга юбораман деб фуқароларни чув туширди
Tramp Marsga Amerika bayrog'ini o'rnatmoqchi
Чуст-Поп йўналишида Lacetti ва Damas тўқнашганлиги айтилмоқда
Атамбоев ҳибсхонада қандай шароитда сақланаётгани айтилди
Рўзадорга макруҳ бўлган амаллар