Ўзбекистонда ҳафта ўртасидан бошлаб ҳаво ҳарорати жадал кўтарилади

Ўзбекистонда ҳафта ўртасидан бошлаб ҳаво ҳарорати жадал кўтарилади

Кеча, 2 март куни Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан кириб келган совуқ ва нам ҳаво массалари бугун, 3 март куни ҳам давом этади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Унга кўра, ҳудуднинг катта қисмида қор ёғиши давом этади ва ҳаво ҳарорати 0-5 даража совуқ атрофида бўлади. Куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қор ёғиши тўхтайди.

Эртага, 4 март куни Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларида бироз қор ёғиши мумкин. Кечаси ва эрталаб ҳали ҳам совуқ антициклон таъсири сақланиб туради, ҳарорат 2-7 даража совуқ атрофида бўлади. Кундузи антициклон республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди. Ҳарорат 4-7 даража илиққача кўтарилади, аммо бу март ойининг боши учун меъёрдан нисбатан пастдир.

Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин. 5-6 март кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши, 7 мартда республика бўйича баъзи жойларда (Фарғона водийсидан ташқари) яна ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Фақат Ўзбекистоннинг шимолида – Устюртда ва Оролбўйи ҳудудларида ёмғир қорга айланиши мумкин.

Ҳафта ўртасидан ҳарорат жадал кўтарила бошлайди ва 6-7 март кунларига бориб, кечалари 5-8 даража илиқни, кундуз кунлари 14-17 даража илиқни, жанубда 20-22 даража илиқни ташкил этади.

3 март ва 7 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17–22 м/с гача кучаяди, айрим жойларда баъзида 23–25 м/с гача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 3 март куни вақти-вақти билан қор ёғади. Ҳарорат 0-2 даража совуқ бўлади. 4-6 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 7 мартда кечга томон ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат 4 март куни кечаси 3-5 даража совуқ, кундузи 5-7 даража илиқ бўлади. 5–7 март кунлари ҳарорат кечалари 4-7 даража илиққача, кундуз кунлари 14-17 даража илиққача кўтарилади.


Теглар:
×