Бугунги қутлуғ айём, айниқса, кичик фарзандларимиз учун унутилмас кун. Эрта тонгда масжиддан чиқишимизни янги кийим кийиб кутиб турган болаларимизни кўриб, уларга борини бергимиз келади. Файзли дастурхон атрофида ва нурли чеҳралар қуршовида кичкинтойларга завқ билан ҳайитлик улашамиз. Ҳаммада муборак байрам ҳаяжони ва кайфияти.
Шу лаҳзаларда ҳар биримизнинг болалик чоғларимиз ёдга тушади. Субҳидам қоронғусида отамиз ва катта акаларимиз қадамини пойлардик. Улар тезроқ намоздан чиқишса-ю, ҳайитлик олардик, дея интизорлик билан кўзимиз тўрт бўларди. Сўнг меҳр билан узатилган пулларни санаб, бошимиз осмонга етарди. Ўша чоғда биздан бахтли одам йўқ эди дунёда. Нонуштадан сўнг қариндошларимизникига умид билан чопардик, ўртоқларимизга йиққан пулларимизни кўз-кўз қилиб мақтанардик.
Мен ҳам бошқа тенгдошларим қатори бу айёмни интиқиб кутардим. Болалигим қийинчилик йилларига тўғри келгани учунми, ҳар ҳолда тўплаган пулимга уйимизга нон ёки бирор егулик харид қилардим. Ҳайитликнинг қоғоз пуллари ва тангаларини деярли мактаб учун ўқув қуроллари сотиб олишга сарфлардим. Қанийди, икки ҳайит дарров келиб, ота-оналаримиз атаганларини беришса, дафтар-ручкамизнинг камини тўлдирардим, деган ниятда ширин энтикардим.
Шахсий кутубхонамдаги аксарият кичик ҳажмдаги китобларни ҳам шу ҳадялар ҳисобидан олганман. Шу кунлардан ва тарбиядан розиман, чунки ҳозир ёмон бўлмадик!
Янги давр болалари-чи, улар ҳайитлик пулларини нимага ишлатишяпти?! Маҳалладаги дўконларни ўғлим билан эринмай айланаман. Эрталабдан уларнинг иши юришган, қўли қўлига тегмайди. Тижорат атрофи турли ўйинчоқлар-у, бир марталик сифатсиз маҳсулотлар, ичимликларга тўла, ҳатто уларнинг кўчма ёймаси йўл бўйигача чиққан. Бирор дўкондан дафтар, китоб, ручка сотиб олган боғча тарбияланувчиси ва мактаб ўқувчисини кўрмадим. Биз эса уларнинг шунча пулни бир кунлик нарсаларга сарф қилишларига оддий воқеа сифатида қараймиз, бир йилда 2 марта яйраб қолишсин, деймиз. Ҳа, айб ўзимизда, тушунтиришга ҳафсаламиз йўқ ёки дилбандларимизни ўз истагига мойил қўйиб берамиз.
Ахир ёшликдан тежамкорлик фазилати шакллантирилмайдими.
Умуман, турли оммавий байрамларда, сайлларда болаларимизнинг харид қилаётган маҳсулотлари ва сифатига эътиборли бўлайлик. Бу ҳам бир чиройли маънавият, асл савдо маданияти, ишончли саломатликдир!
Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири.
Тасодифий хабарлар
Forbes Uzbekistan ўз фаолиятини тўхтатди
Ортиқхўжаев бир қатор раҳбарларни ишдан олди
Олимпиада илк бор Африка қитъасида ўтказилиши мумкин
22 та депутат Бобожоновга “Босар-тусарини билмаган депутат” номли видеолавҳа юзасидан мурожаат йўллади
Йўловчи ташиш учун “Дамас” автомобилларидан воз кечилади