Иммиграция масалаларига ихтисослашган юристлар ва хусусий компаниялар хорижда иккинчи паспорт ёки яшаш ҳуқуқини олишни истаётган америкалик мижозлар сонининг кескин ошганини қайд этмоқда. Бу ҳақда CNBC хабар берди.
Телеканалнинг қайд этишича, кўплаб бой америкаликлар навбатдаги президентлик сайловларида ким ғолиб бўлишидан қатъи назар сиёсий ва ижтимоий тартибсизликлардан хавотирда. Сайловлардан кейин чет элга кўчиш ҳақидаги гаплар одатий ҳол, аммо иммиграция бўйича маслаҳатчилар бу сафар кўплаб бадавлат фуқаролар аллақачон амалий чоралар кўраётганини айтмоқда.“Биз ҳеч қачон ҳозиргидек талабни кўрмаганмиз”, дейди бой америкаликларга миграция масалаларида маслаҳат берадиган Henley & Partners компанияси гуруҳ раҳбари Доминик Волек.
Унинг сўзларига кўра, ўтган йилга нисбатан хорижга кўчишни режалаштираётган америкаликлар сони камида 30 фоизга кўпайган, уларнинг улуши эса бошқа давлат фуқароларидан ошиб кетган.
Arton Capital компаниясининг сўровига кўра, америкалик миллионерларнинг 53 фоизи сайловдан кейин ким ғолиб бўлишидан қатъи назар АҚШни тарк этиш эҳтимоли жуда юқори эканини айтган. Энг кўчишга мойил тоифа бадавлат ёшлар – 18-29 ёшдагиларнинг 64 фоизи хорижга инвестиция орқали олинадиган “олтин визалар”ни олишга “жуда қизиқаётганини” билдирган.
CNBC’нинг қайд этишича, жуда бой кишилар тобора кўпроқ бир давлат фуқаролигини шахсий ва молиявий хавф сифатида кўраяпти. Улар қандай қилиб инвестицияларини диверсификация қилишса, худди шундай “паспорт портфелларини” ҳам тузиб, “мамлакат хавфларини хедж (хавфларни камайтириш ёки олдини олиш учун қўлланиладиган ҳимоя стратегияси) қилмоқда”.
Тасодифий хабарлар
Путин дунё империялар даврига қайтишини хоҳлайди – АҚШ дипломати
Умра зиёратчилари учун яна бир янгилик эълон қилинди
Ню-Йоркда минглаб одамлар Фаластин учун намойишга чиқди
Сабр тугади: Россия ва Туркия доллардан воз кечди
Болаларини ажратишга чиққан ота-оналар ўртасида жанжал содир бўлди