Аш-Шара Сурияда президентлик сайловлари қачон ўтказилишини айтди

Аш-Шара Сурияда президентлик сайловлари қачон ўтказилишини айтди

Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара тўрт йилдан кейин умумий сайловлар ўтказилишини айтди. Бу ҳақда у Қатар пойтахти Доҳада “Адолат амалда: ваъдадан тараққиёт сари” шиори остида ўтказилган 23-форумдаги нутқида сўз очди.

Аҳмад аш-Шара ўтиш даврида ҳеч бир ҳукумат аҳолининг барча қатламлари билан тўлиқ келишувга эриша олмаслигини таъкидлади. Суриянинг келажаги “шахсларга эмас, балки институтларга асосланган бошқарув модели” асосида қурилганини таъкидлаган муваққат президент, ҳукуматдаги вакиллик ваколат тамойили асосида таъминланганини айтди.

Аввалги тузум ағдарилиши ортидан мамлакатда янги ҳукумат тузилганини қайд этиб, ўтиш даври учун “йўл харитаси” кучга кирганини эслатди. Унга кўра, Халқ Кенгашига сайловлар ўтиш жараёнига мувофиқ ўтказилди:

“Тўрт йилдан сўнг, албатта, умумхалқ сайловларини ўтказамиз”, деди у.

У мамлакатда электр таъминоти яхшиланганини айтди.“Биз ҳокимиятга келганимизда, электр энергияси кунига атиги 1,5 соат эди. Ҳозир бу вақт 12–14 соатга кўпайди. Йил охиригача ўзимизни ўзимизни таъминлашга эришамиз”, дейди Аш-Шара.

Иқтисодий тикланишнинг аҳамиятига эътибор қаратган Аш-Шара, АҚШ билан “Цезарь” қонуни бўйича санкцияларни бекор қилиш бўйича музокаралар давом этаётгани ва Трамп маъмурияти бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини билдирди.

У Башар Асад давридаги ҳукумат “динлараро зиддиятларни кучайтиргани”ни таъкидлаб, ўтиш даврида жиноятларни, хусусан, қирғоқ зонаси ва Свейдадаги қонунбузарликларни текшириш учун комиссиялар тузилганини қўшимча қилди

“Иккала минтақадаги воқеалар манбаи ағдарилган тузумнинг оғир меросидир ва ҳамма бу режим қурбони”, дея хулоса қилди Сурия муваққат президенти.

Маълумот учун, Аҳмад аш-Шара Сурияда 2024 йилнинг декабрида собиқ президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг ҳокимият тепасига келди. Мамлакатнинг янги ҳукумати аввалги конституциянинг тугатилганини эълон қилди ва парламент, хавфсизлик хизматлари ва қуролли гуруҳларни тарқатиб юборди. 

Суриядаги ўтиш даври беш йилга мўлжалланган. Март ойида Аҳмад аш-Шара ушбу давр учун ҳуқуқий асосни белгиловчи конституциявий декларацияни имзолади.


Теглар:
×