Кеча, 14 январь куни АҚШ маъмурияти Ғазодаги урушни тугатишга қаратилган стратегик режанинг иккинчи босқичи бошланаётганини маълум қилди. Бироқ режанинг биринчи босқичидаги асосий бандлар, жумладан, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тўлиқ сулҳга эришиш ҳали амалга оширилмаган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Келтирилишича, иккинчи босқич доирасида Қўшма Штатлар ва воситачи давлатлар қуролларини топширишдан бош тортаётган ҲАМАС жангари гуруҳини қуролсизлантириш, шунингдек, халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш каби мураккаб масалаларни ҳал этиши лозим бўлади.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Виткофнинг сўзларига кўра, иккинчи босқич “Ғазода ўтиш даври учун мутахассислардан иборат (технократик) Фаластин маъмуриятини шакллантириш”, қуролсизланиш ва қайта қуриш жараёнини бошлашни назарда тутади.
Миср, Қатар ва Туркия воситачиларининг қўшма баёнотига кўра, тузилаётган Фаластин органи 15 аъзодан иборат бўлади. Унга Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган, Фаластин маъмуриятининг собиқ вазир ўринбосари Али Шаат раҳбарлик қилади. Али Шаат илгари саноат зоналарини ривожлантириш билан шуғулланган.
Исроил ва ҲАМАС ўтган йилнинг октябрь ойида Трамп режаси доирасида келишувга эришган эди. Унга кўра, Ғазони ўтиш даврида халқаро “Тинчлик кенгаши” назорати остидаги технократик Фаластин органи бошқариши керак. Европалик дипломатнинг айтишича, келаси ҳафта Давос форумида Тинчлик кенгаши бўйича яна бир эълон кутилмоқда.
Исми ошкор этилишини истамаган АҚШ расмийси журналистларга 14 январь куни Трамп томонидан шахсан танланган Тинчлик кенгаши аъзоларига таклифномалар юборилганини маълум қилган.
Али Шаат радиога берган интервьюсида қўмита аввало Ғазога шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, кўчирилган фаластинликларни уй-жой билан таъминлашга эътибор қаратишини айтди. Айни пайтда уларнинг аксарияти вайроналар орасидаги вақтинчалик чодирларда яшамоқда.
“Агар мен бульдозерларни олиб келиб, вайроналарни денгизга суриб юборсам, янги ороллар ва янги ерлар яратиш мумкин. Шу тариқа Ғазо учун янги ҳудудлар ҳосил қилиб, вайроналарни тозалашга эришамиз. Бу жараён уч йилдан кўп вақт олмайди”, деди Шаат Ғарбий Соҳил радиостанциясига берган интервьюсида. (БМТнинг 2024 йилги ҳисоботига кўра, Ғазода вайрон бўлган уй-жойларни тўлиқ тиклаш камида 2040 йилгача давом этади, айрим ҳолларда эса бу жараён узоқ йилларга чўзилиши мумкин.)
Стив Виткоффнинг таъкидлашича, Трамп режасининг иккинчи босқичи Ғазони тўлиқ демилитаризация қилиш ва қайта қуришни, энг аввало, барча рухсатсиз қуролланган шахсларни қуролсизлантиришни назарда тутади. Қайд этиш жоизки, Ҳамас қуролларини топширишдан бош тортаётган бўлса-да, ўтган йилнинг октябрь ойида Ғазо бошқарувини технократик қўмитага топширишга розилик билдирган.
Маълумот учун, режанинг биринчи босқичи Исроилнинг Ғазодаги ҳаво ҳужумлари, сўнгги исроиллик гаровдаги маҳбуснинг жасади топилмагани ҳамда Ғазонинг Миср билан чегарадаги ўтиш пункти очилиши кечиккани сабабли тўхтаб қолган эди. Шунга қарамай, Вашингтон режанинг иккинчи босқичини бошлашга қарор қилди.
Тасодифий хабарлар
Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида портлаш содир бўлди
“Россияга ҳужум даҳшатли оқибатларга олиб келади”. Путин дунёга таҳдид қилди
Халқи очарчиликка юз тутган Ким Чен Ин 2021 йилга пурвиқор ном берди
АҚШда ракета учирилганидан 2,5 дақиқа ўтиб, портлаб кетди
Ўзбекистонга кириб келган “Британча” коронавирус нимаси билан хавфли?