Наманганда ўқитувчи ўқувчига нега тарсаки туширди?

Наманганда ўқитувчи ўқувчига нега тарсаки туширди?

Халқ таълими Вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати томонидан ижтимоий тармоқларда ёритилган “Ўқувчи устози ўзини шафқатсиз калтаклаганини иддао қилмоқда” номли мақола чоп этилганганлиги юзасидан ўрганиш ташкил қилинди.
Наманган вилояти, Уйчи туманидаги 22-мактабнинг информатика фани ўқитувчиси Ўткир Холиқов  2020 йил, 11 февраль куни 10-“А” синфида дарс ўтаётганида ушбу синф ўқувчиси Б.И. интизомга риоя этмаган ҳамда дарсга ҳалақит берган. Ўқитувчининг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай синфдоши Г.Х. билан жанжаллашиб, уни урган.
Ўқитувчи унга танбеҳ бериб, доскага чақириб, нима учун қиз болани урасан, дея Б.И.ни икки шапалоқ урган. Ўқувчи Б.И. югурганича синф хонасидан чиқиб кетишда эшикка бошини уриб олган ва уйига кетиб қолган. Ўқувчининг онаси туман ИИБга мурожаат қилиб ўғлини шифохонага ётқизган. Шу куни ИИБ ходимлари ҳолат юзасидан ўқитувчи Ў.Холиқов ва бошқалар билан воқеа юзасидан суриштирув ўтказган.
Ўқитувчи ўқувчининг аҳволидан хабар олиш учун шифохонага бориб,  ўқувчи билан гаплашган. Ўқувчининг саломатлиги яхшиланганидан сўнг 2020 йил 17 февраль куни шифохонадан уйига рухсат берилган. 
Шу куни ўқувчи ва ўқитувчининг хатти-ҳаракати юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилиб, ўқитувчи боланинг ота-онасидан кечирим сўраган. Даволаниш учун кетган ҳаражатларни ойлик маошидан тўлашини билдириб, ҳар иккала томон яраштирилиб, далолатнома тузилган.
2020 йилнинг 28 февраль куни 22-умумий ўрта таълим мактабида туман ҳокими М.Аппаков, туман ИИБ бўлими бошлиғи Ғ.Ғаниев, “Олмурут” МФЙ раиси К.Сиддиқов, ХТБ мудири Ш.Мурадовлар иштирокида 10-“А” синф ўқувчилари ва  ота-оналари билан йиғилиш ўтказилиб, ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида узвий дўстона муносабат ўрнатиш ҳамда ота-оналарни фарзандлар тарбиясига эътиборини кучайтириш зарурлиги юзасидан тегишли кўрсатмаларни берди.
Вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати ходимлари иштирокида ўтказилган ўрганиш якунларига кўра информатика фани ўқитувчиси Ўткир Холиқов туман маъмурий судининг қарорига биноан жаримага тортилди. 
Мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари З. Исманжоновга нисбатан Меҳнат кодекси талаблари бўйича ойлик иш ҳақининг 30 фоиз миқдорида жарима интизомий жазо белгиланди. Мактаб директори М.Сиддиқова Наманган вилояти ХТБ бошлиғининг 2020 йил 27 февраль кунидаги 45-к сонли буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

×