ЖЧ-2011 турнири қаҳрамонлари фақат битта турнир қаҳрамони бўлиб қолди, холос.
2011 йилда Мексика футбол бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Мазкур чемпионатда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси турнирнинг 1/4 финалига йўл олди. Чемпионатда ўзбекистонлик ёш футболчилар ўз ўйинлари билан барча мухлислар меҳрини қозонди. Улар ҳақида бутун футбол оламида бонг урилди.
Шундан сўнг кўплаб топ-чемпионат клублари бу футболчиларга қизиқиш билдирган. Уларнинг кейинги фаолиятини кузата бошлади. Негаки, 17 ёшли футболчиларнинг барчаси ҳар қандай клубда бирданига ўйнаб кетолмасди.
Мексикадаги чемпионатда, айниқса, Ўзбекистон терма жамоасининг асосий футболчилари Аббос Махсталиев, Тимур Ҳакимов, Бобур Давлатов ва Ғанишер Холмуродовларнинг номлари баланд овозда янгради.
Кучли босим остида қолган Махсталиев
Ўша жамоанинг сардори Аббос Махситалиев эди. Футбол мутахассислари унинг келажаги буюк бўлишини башорат қилган. Аммо вақт ўтиши билан у катта футболда ўз ўрнини топа олмаслиги маълум бўлди. Шундан сўнг футболчи "Пахтакор", "Нефтчи", "Сурхон", "Навбаҳор" клубларида тўп сурди. Ҳозирда футболчи Фарғонанинг "Истиқлол" жамоаси ўйинчиси ҳисобланади. Ўз вақтида унга Франция клублари қизиқиш билдирганди. Аббос Махсталиев ўйинидаги пасайишнинг асосий сабаби "Пахтакор" клубида ўйин амалиётининг йўқлиги ва футболчи кучли босим остида қолган, дея қаралади.
Ҳакимовнинг иқтидори "Пахтакор"да йўқ қилинди
Ўша турнирда яна бир футболчимиз Темур Ҳакимов ўз ўйини билан барчани мафтун этганди. У Ўзбекистон термасининг асосий ҳужумчиси эди. Чемпионатдаги энг муҳим голларни урган. Футболчи Ўзбекистон бош жамоасида асосий ҳужумчи сифатида кўрилган. Афсуски, Ҳакимовнинг иқтидори "Пахтакор"да йўқ қилинди. Футболчининг ўзи ҳам бир интервьюсида "Пахтакор"да унга ўзини кўрсатиш имконияти берилмаганини айтиб ўтган. Қолаверса, Самвел Бабаян бошчилигидаги жамоа Ҳакимовни бошқа клубга қўйиб юборишни истамаган. У ҳозирда Самарқанднинг "Динамо" жамоасида тўп сурмоқда.
Мексикада жаҳонни лол этган Бобур Давлатовнинг муваффақиятсизлиги
Мексикада жаҳонни лол қолдирган жамоанинг асосий ҳимоячиси Бобур Давлатов эди. Ўша чемпионатда футболчи ҳужумларга ҳам қўшила олиш маҳорати билан мухлислар ёдида қолган. Бироқ ўзининг ажойиб истеъдодига қарамай, кейинги фаолиятида муваффақиятли ўйнай олмади. У ҳозирда Россиянинг "Нефтехимик" жамоасида тўп сурмоқда. Ушбу жамоа Чемпионатнинг қуйи лигасида баҳс олиб боради. Клубда футболчи кўпроқ ҳимоявий ярим ҳимоячи позициясида ўйнамоқда.
"Йўқолиб қолган" футболчи
Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров ўрнига асосий номзод сифатида қаралган Ғанишер Холмуродов ҳам муваффақиятли турнирдан сўнг ўзини кўрсатиш имкониятини қўлга кирита олмади. У фаолиятини якунлашга қарор қилди. Ҳозирча спортчи нима билан шуғулланаётгани номаълум.
Бу воқеаларнинг барчаси Ўзбекистонда кўплаб ёш футболчиларнинг ўйинига эътиборсизликдан келиб чиқди. Жамоамизнинг энг иқтидорли авлодларинининг асосий таркиби йўқолди. Агар бир пайтлар клублар футболчиларга ишониб, уларга ўзини кўрсатиш имкониятини берганида эди, балки бугун улар топ-клубларда ўйнаб, терма жамоага ёрдам беришарди. Афсуски, ЖЧ-2011 турнири қаҳрамонлари фақат битта турнир қаҳрамони бўлиб қолди, холос.
Тасодифий хабарлар
Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади
Пойтахт ИИББ тизимида тўрт мансабдор лавозимидан озод этилди
Ўзбекистонлик аёл Истанбулда чақалоғини халтага солиб, 4-қаватдан улоқтирди
Криштианунинг Манчестер Юнайтедга ўтишига ким сабабчи бўлган?
Maksim Galkin yong‘inlarni o‘chirishga da’vat qilgan rossiyalik yulduzlarni ikkiyuzlamachilikda aybladi