Украина Президенти Владимир Зеленский Америка Қўшма Штатларида. У бир неча соатлардан сўнг Дональд Трамп билан учрашади. Тахминларга кўра, бу учрашув кўп нарсаларни ўзгартириши мумкин ва аввалроқ Дональд Трамп қайд этганидек, барчаси Зеленскийга боғлиқ. У яқин соатларда ҳаммасига якун ясовчи қарорни қабул қилиши ёки аксинча Украина ҳудудий яхлитлиги учун курашишда давом этиши мумкин. Чунки Трамп ва Путин истаяётган таклифга кўниш жуда оғриқли экани кўпчиликка маълум. Негаки бугун Оқ уйда Украина раҳбарига бериладиган таклифларнинг баъзилари деярли аниқ. Булар Донбассни Россияга топшириш, Запорожье ва Херсоннинг босиб олинган ерларидан воз кечиш, НАТОга аъзо бўлмаслик каби олдиндан тахмин қилинган шартлардир. Бунинг эвазига эса Россия босқини тўхтайди ва Украинага НАТОнинг 5-моддасида белгиланган хавфсизлик кафолати тақдим қилиниши мумкин.
Аммо “Reuters”га кўра, Зеленский буларни рад қилган. Умуман олганда эса у бир неча кун олдин Украина ерлари хусусий мулк эмаслигини айтиб, уни босқинчиларга умуман бериб қўймаслигини таъкидганди. Бироқ Украина Президенти АҚШга келиш арафасида Трамп ўзига тегишли ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Зеленский битим тузишга мажбурлигига ишора қилди. У агар Украина Президенти истаса, зудлик билан урушни тугатиши мумкин”, дея ёзиб қолдирди. Шунингдек, Трамп Қримнинг энди Украина таркибига қайтмаслиги ва Киев НАТО аъзоси бўлмаслигини ҳам қўшимча қилди.
АҚШ Президенти Аляскадаёқ Зеленскийга битим тузиши лозимлигини уқтиришни бошлаганди. У буни “Fox News”га берган интервьюсида ҳам таъкидлаб ўтганди. Аляскадан ортга қайтишда самолётда икки ўртада кечган телефон мулоқоти тафсилотлари эса номаълум. Аммо барчаси бугун очиқланади.
Хабарларга кўра, АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Зеленский ва бошқа Европа етакчилари билан учрашувлар жадвали жуда тиғиз. Жумладан, Тошкент вақти билан соат 21:00 да Европа етакчилари Оқ уйга етиб бориши айтилмоқда. Аммо АҚШ раҳбари биринчи бўлиб 22:00 да Зеленскийни қарши олади ва улар ўртасидаги учрашув 15 дақиқа ўтиб бошланади. 23:15 да эса Трамп Европа Иттифоқи етакчиларини қабул қилади. Уларнинг учрашуви эса жуда қисқа бўлиши кутилмоқда. Чунки Трамп Европа раҳбарлари билан 40–45 дақиқа гаплашгандан сўнг, Тошкент вақти билан 19 августга ўтар кечаси 00:00 да ниҳоят барча қатнашадиган умумий учрашув бошланади.
Юқорида қайд этилган 2–3 соатлик музокараларда Украина тақдири ҳал этилиши мумкин. Бу шу учрашувларда амалга ошиш эҳтимоли йўқ эмас. Аммо якуний қарорни барибир Зеленский қабул қилади. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва АҚШ Президенти Дональд Трамп айнан шу қарорни кутмоқда. Умуман олганда жуда кўп масалаларнинг ечими айнан Зеленскийнинг Оқ уйдаги қарорини кутмоқда. Аммо ачинарлиси шундаки, ҳар қандай қарор ҳам Украина учун оғриқли бўлиши мумкин. Россиянинг шартлари дея таъкидланган юқорида санаб ўтилган капитуляцияга кўниш ёки қаршиликни давом эттириш – икки ҳолатда ҳам Украина йўқотишларга учраши тайин. Аммо Зеленский бугун қарор қабул қилишга мажбур.
Тасодифий хабарлар
«Мен кўпроқ оддий одамлар билан гаплашсам, ниятларингизни билсам дейман» – Шавкат Мирзиёев
Samsungнинг энг машҳур серияси 17 март куни тақдим этилади
Пиёдаларга сув сачратиш учун жарима белгиланганми?
Россия денгизда ҳам ҳукмронлик қилмоқчи
Немис олими қоринни йўқотиш сирини маълум қилди