Тожикистон муфтийси аскарларни бир-бирини камситмасликка чақирди

Тожикистон муфтийси аскарларни бир-бирини камситмасликка чақирди

Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода ҳарбий хизматчиларни хизмат давомида бир-бирларини қўллаб-қувватлашга чақирди. Уламолар кенгаши раиси бу ҳақда жорий йилнинг 20 октябрь куни ДХХ Чегара қўшинларининг “Пойтахт” ўқув марказида чегарачилар ва янги чақирилган аскарлар билан учрашувда гапирди.

Марказ Душанбе шаҳрининг Фирдавсий туманида жойлашган. 

“Ҳеч кимни хафа қилманг, аксинча, бир-бирингизни қўллаб-қувватланг”, дея аскарларга мурожаат қилган муфтий.

У ўзаро ёрдамни орият, қадр-қиммат ва мусулмонча ахлоқнинг намоён бўлиши, деб атаган.

Уламолар кенгаши хабарига кўра, Абдуқодирзода мамлакат чегараларини ҳимоя қилишнинг муҳимлиги ҳамда халқ ва давлат олдидаги масъулият ҳақида ҳам гапирган. У ҳарбий хизматчиларни ўз бурчларини ҳалол бажаришга, интизомга риоя қилишга, тўғрисўз бўлишга, бир-бирини ҳурмат қилишга, сабр-тоқат кўрсатишга ва Исломнинг ахлоқий нормаларига амал қилишга чақирган.

“Asia-plus” нашрининг ёзишича, аскарларни камситиш, хусусан, хизмат муддати кўпроқ бўлган аскарлар томонидан янги келганларни таҳқирлаш ва калтаклаш (“дедовщина”) кўп йиллардан бери Тожикистон армияси ва ҳарбий қисмларидаги муаммо бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, расмийлар бу каби ҳолатлар мавжудлигини тан олиши ҳамиша ҳам кузатилмайди.


Теглар:
×