“Барселона” Ҳусановни сотиб олишни режалаштирмоқда – ОАВ

“Барселона” Ҳусановни сотиб олишни режалаштирмоқда – ОАВ

Испаниянинг “Барселона” клуби “Манчестер Сити” клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановни қишки трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда “FullTime Report” нашри хабар берди.

Манбага кўра, каталонияликлар 2027 йилнинг январь ойида трансферни амалга ошириш учун расмий таклиф юборишни режалаштирмоқда.

Маълумки, “Барселона” ўтган ёзда марказий ҳимоя чизиғини кучайтиришни режалаштирган эди. Бироқ клуб ушбу позицияга янги футболчи жалб қила олмади. Шу боис каталонияликлар қишки трансфер ойнасида ҳимоя чизиғини кучайтириш вариантларини кўриб чиқиши мумкин.


Айни пайтда “Манчестер Сити” молиявий қоидалар билан боғлиқ жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Агар “Барселона” Ҳусанов учун манчестерликларни қаноатлантирадиган таклиф билан чиқса, Англия клуби футболчини сотиш масаласини кўриб чиқиши мумкин. Ҳозирча трансфер бўйича клублар ўртасида расмий келишув борлиги ҳақида маълумот йўқ.

Маълумот учун, Абдуқодир Ҳусанов жорий мавсумда “шаҳарликлар” сафида барча мусобақаларда 8 та учрашувда майдонга тушиб, жами 596 дақиқа ҳаракат қилди.


×