Шавкат Мирзиёев “Росатом” бош директорини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев “Росатом” бош директорини қабул қилди

 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Росатом” атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Ўзбекистонда илк интеграциялашган атом электр станциясини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда илғор технологиялар ва билимлар асосида тегишли инфратузилмани ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлган.

Биринчи реактор биноси пойдеворини қуриш ҳамда атом электр станциясини лойиҳалаштириш ишлари изчил давом этаётгани мамнуният билан қайд этилган.

Соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, бунда, жумладан, “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкентдаги филиали ҳамда “Росатом” компанияси объектларидаги имкониятлардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, бўлажак АЭС яқинида энергия тежамкор уй-жойлар, замонавий таълим, тиббиёт ва спорт муассасалари ҳамда аҳоли учун қулай ижтимоий инфратузилмага эга атомчилар шаҳарчасини барпо этиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.


×