Тошкент вилоятида сохта ЙПХ инспектори қўлга тушди

Тошкент вилоятида сохта ЙПХ инспектори қўлга тушди

2018 йилнинг январь ойида А.Р. ички ишлар органи ходимининг кийимини кийиб, қўлбола усулда ясалган кўкрак нишонини тақиб, ўзидан сохта йўл патруль хизмати инспектори ясаб Сергели тумани ҳудудида “ишлаётган” вақтда қўлга тушган эди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 227 ва 228-моддалари 1-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганлик юзасидан айблов эълон қилиниб, суд қарори билан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган эди. Аммо ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек А.Р. яна бир бор шу ишга қўл урди.
Шу йил 6 февраль куни М-39 “Тошкент – Термиз” ҳалқаро автомобиль йўлида авторадар билан хизмат олиб бораётган Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари, сафдор Бекжон Ережепов ва сержант Мансур Норматовлар олдига КАМАЗ автомобили келиб тўхтади. Ҳайдовчи инспекторларга йўлда бир ходим ишлаётганини, аммо унинг боди камераси ва кўкрак нишони ғалатироқ эканини айтади.
ЙПХ инспекторлари зудлик билан айтилган жойга етиб боришади. У ерда “Нексия-1” русумли автомобилда ўтирган ходимга кўзлари тушади. Ундан кимлигини ва бу ерда нима иш билан шуғулланаётганини сўрашганида, у воқеа жойидан қочиб кетмоқчи бўлади. Ходимлар тезда уни қўлга олиб Чиноз туман ИИБга олиб боришади.

photo5323707509690707176.jpg

Чиноз тумани ички ишлар бўлими тезкор хизмат вакиллари, хусусан хавфсизлик хизмати ходимлари холислар иштирокида унинг бошқарувида бўлган автомашина салонини кўздан кечиришганида, у ердан 24 дона бир хил серия ва рақамли маъмурий баённомалар, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан берилган хизмат гувоҳномасининг рангли нусхаси, унинг эгнидаги кийимига ўрнатилган, устига “Диққат” ёзуви туширилган қалбаки боди камера, елимдан эритиб ясалган ЙПХ инспекторининг кўкрак нишони ва жезл олинди.
– Муқаддам ички ишлар органида ишлаганман, 2016 йилда ўз ихтиёрим билан бўшаганман, – дейди сири фош бўлган сохта “ГАИ” ходими А.Р. – Кўкрак нишони ва боди камерани ўзим, қўлбола усулда ясаган эдим. Хато қилдим, бу ишимдан пушаймонман. 
Ҳозирда Чиноз туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. 
Ҳурматли фуқаролар, агар кимда-ким ушбу шахсни таниса ва унинг ноқонуний ҳаракатларидан жабр чеккан бўлса Чиноз туман ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлимига мурожаат қилишларини сўраймиз.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати.

×