Ўзбекистонда йил якунигача 2,4 миллиард долларлик 312 та лойиҳани бажариб, 16 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш миқдорини 53 триллион сўмга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган. Бу ҳақда бугун, 19 май куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган қурилиш материаллари саноатидаги ишлар ва асосий вазифаларга оид тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, аҳоли сони ўсиб, урбанизация кенгайиб бораётгани сифатли қурилиш материалларига талабни йилдан йилга ошираяпти. Мос равишда кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, ҳозирги кунда 10 мингга яқин корхона фаолият юритмоқда.
“Бу йил биринчи чоракда ишлаб чиқариш 8 фоизга, экспорт эса 11 фоизга ўсди. Инвестиция дастури доирасида 500 миллион долларлик 9 та йирик лойиҳа ишга тушди. Душанбе, Қобул ва Филадельфия шаҳарларида “Ўзбекистон савдо уйи” ташкил этилди.
Ҳали олдинда режалар кўп. Йил якунигача 2,4 миллиард долларлик 312 та лойиҳани бажариб, 16 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш миқдорини 53 триллион сўмга, экспортни 1,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган”, дейилади хабарда.
Тақдимотда мутасаддилар Президентга ушбу кўрсаткичларга эришиш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берган. Давлат раҳбари соҳада сифат, таннарх ва қурилиш маданияти энг долзарб масала эканини таъкидлаган. Замонавий технологияларни жорий этиб, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, юртимиздаги бунёдкорлик ишларида улардан кенгроқ фойдаланиш вазифалари кўрсатиб ўтилган.
“Бунга эришишда илм-фан ва амалий ишланмалар муҳим. Шу мақсадда соҳа бўйича “R&D” тадқиқотлар маркази очилди, Германиядан маслаҳатчи жалб қилинди”, дейилади хабарда.
Мисол учун, ариқ ва канал юзалари учун ўрамли бетон қопламаси тайёрлаш технологияси бўйича иш бошланган. Натижада бетонлашга кетадиган вақт ва харажат 10 фоизга, сув сарфи 3-5 фоизга камайиши ҳисоб-китоб қилинган.
Президент геология ва илмга катта эътибор қаратиб, ички ва ташқи бозорлар учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш зарурлигини таъкидлаган. Энергия ва ресурс сарфи юқори йўналишларни таҳлил қилиб, тежамкор инновацион ечимларни қўллаш муҳимлиги қайд этилган.
Ўтган йили тармоқдаги йирик корхоналар энергия аудитидан ўтказилганда 300 миллион киловатт соат иқтисод қилиш имконияти аниқланган. Бундай корхоналарда технологияни янгилаш ҳамда иш тартибини оқилона ташкил этиш орқали харажатларни камайтириш мумкинлиги айтилган.
“Шаффоф қурилиш” платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестрини ташкил қилиб, у орқали сифат назоратини таъминлаш вазифаси қўйилган.
Тасодифий хабарлар
Фарғонада тез тиббий ёрдам ходимлари калтакланди
Уханлик аёл ҳикояси: «Карантинда ўлгандан уйда ўлган афзал»
Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади
Кўршапалак ёки фитна: коронавирус сунъий равишда яратилганми?
Зинҳор орқа ва орқа ён ойналарга парда ўрнатишга рухсат сўраш керак эмас! Чунки рухсат бор! Қонунчилигимиз буни тақиқламайди