Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнлари тартибга солинади

Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнлари тартибга солинади

Сенат ялпи мажлисида ҳозирги вақтда республикада ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлақонли амалга оширилмаётгани эпизоотик барқарорликни кафолатли сақлаш имкониятини чеклаётгани айтилди. Сенаторлар ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишни тартибга солувчи қонунни маъқуллади.

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Сенаторлар томонидан “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатда йирик шохли моллар 14 млн, майда шохли моллар 24 млн бошни ташкил этади. Уларнинг қарийб 90 фоизи аҳоли қарамоғида парваришланади. Бугунги кунда ҳайвонларни идентификация қилиш ишлари тўлақонли амалга оширилмаётгани уларда хавфли юқумли касалликларга қарши профилактик эмлаш тадбирларини ўтказиш ва эпизоотик барқарорликни кафолатли сақлаш имкониятини чеклаяпти.

Шунингдек, идентификация жараёнлари рақамлаштирилмагани, маълумотлар базаси марказлаштирилмагани натижасида ҳайвонларнинг аниқ ҳисобини юритишдаги муаммолар ҳам сақланиб қолмоқда.

Қонунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, ҳужжатда ваколатли давлат органи вакилининг ҳамда ҳайвон эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатишга доир умумий талаблар, муддатлар аниқ кўрсатиб ўтиляпти.

Қайд этилишича, қорамол, қўйлар, эчкилар ва туялар туғилганидан ўн тўрт кундан кейин, отлар туғилганидан тўрт ойдан кейин, итлар ва мушуклар эса туғилганидан уч ойдан кейин, сақлаш ва (ёки) кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ҳайвонлар олиб кирилган санадан эътиборан 21 кундан кечиктирмай идентификация қилиниши ҳамда рўйхатга олиниши керак. Ҳайвонлар сўйилган (нобуд бўлган, ўлган, йўқ қилинган) ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилган тақдирда эса 7 кунлик муддатда ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлади.

Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш, кузатиш ва ҳисобдан чиқариш бўйича тадбирларни ташкил этиш, электрон ахборот тизимини мувофиқлаштириш ва реал вақт режимида электрон ахборот алмашинувини таъминлаш Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш марказининг ваколати этиб белгиланмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

×