“Ўзгидромет”: Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг пасайиши кутилмоқда

“Ўзгидромет”: Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг пасайиши кутилмоқда

Бугун мамлакат ҳудудининг катта қисмида ёз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан 7-10 даражага юқори бўлган, Эрон ҳудудларидан кириб келган аномал иссиқ об-ҳаво сақланиб туради.

“Ўзгидромет” хабарига кўра, қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат кечга томон Тошкент вилоятида, шунингдек тоғолди ва тоғли ҳудудларда конвектив булутлилик ривожланишида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Аксарият вилоятларда кундуз куни ҳаво 40-43 даража иссиққача, жанубда баъзи жойларда 44-46 даражагача кўтарилади. Кавказ ҳудудларидан кириб келаётган кучсиз антициклон таъсирида республика шимолида ҳаво ҳарорати пасаяди ва 33-38 даража иссиқни ташкил этади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача, баъзи жойларда чангли бўрон билан кучайиши сақланиб туради.

Эртага Кавказ ҳудудларидан кириб келган салқин ҳаво республиканинг катта қисмини қамраб олади, бунинг ҳисобига ҳаво ҳарорати пасаяди. Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятида, тоғолди ва тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечалари 24-27 даража иссиқ атрофида бўлади, кундуз кунлари эса ҳарорат пасаяди ва 34-38 даража иссиқни, республиканинг энг жанубида 41-43 даража иссиқни ташкил этади

Бундай ҳарорат фони ҳафта охиригача давом этади, аммо ҳарорат меъёрдан ҳали ҳам юқори бўлади ва кечалари 20-25 даража иссиқни, кундуз кунлари 34-39 даража иссиқни, республиканинг энг жанубида 41-43 даража иссиқни ташкил этади. Ушбу даврда ёғингарчилик кутилмайди, фақат тоғолди ва тоғли ҳудудларда конвектив булутлилик ривожланишида момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 8-9 июнь кунларида шамолли об-ҳаво сақланиб туради, республика бўйича шамол 17-22 м/с гача, баъзи жойларда чангли бўрон билан кучайиши мумкин.

×