Наманганда сув тошқини сабаб 100 дан ортиқ одам эвакуация қилинди

Наманганда сув тошқини сабаб 100 дан ортиқ одам эвакуация қилинди

Наманган вилоятида сел келиши оқибатида вилоятнинг Косонсой туманидаги кўприк талафот кўргани ва ҳаракатланиш учун ёпилган эди,

Вилоят ФВБ матбуот хизматининг маълум қилишича, Наманган вилояти ҳудудида кучли ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида Наманган шаҳар, Косонсой, Тўрақўрғон ҳамда Уйчи туманларининг айрим маҳаллаларида аҳоли яшаш хонадонлари, кўчаларга сув тошиши ҳолатлари кузатилган. 

Айни вақтда Наманган вилоят ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ҳамда техника воситалари ва қутқарув отрядлари жалб этилиб, юзага келган ҳолатни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари ёмғир ва дўл ёғиши оқибатида содир бўлган сув тошқини натижасида аҳоли яшаш хонадонларида тўпланиб қолган сувларни тортиш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳодиса жойларига махсус автомобиллар ва хизматчилар ёнғин қутқарув қисми шахсий таркиби, шу билан бирга ҳамкор ташкилотлардан 80 та техника ва 584 нафар ишчи ходимлари жалб этилди.

Наманган шаҳар "Юксалиш" МФЙда жойлашган 4,5,6,-кўп қаватли уйларни ер тўласида сув тўпланганлиги сабабли кўп қаватли уйда яшовчи 100 нафар фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиниб, ер тўладаги тўпланиб қолган сувларни 4 та ёнғин қутқарув автомобили ва 8 та сув тортиш насослари (мотопомпа) орқали тортиш чоралари кўрилган. Шу билан бир қаторда Наманган шаҳар Давлатобод тумани Елихон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи Шишаки сойи яқинида жойлашган 7 та хонадондаги 32 нафар фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.

Шунингдек, Поп тумани, “Имомота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел келиши кузатилган. Сел тошқини оқибатида зарарланган йўлларда қайта таьмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Жабрланган, тан жароҳат олганлар йўқ. Фуқароларимиздан ваҳимага берилмаслик ва ижтимоий тармоқларда нотўғри маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз”, дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳам кеча, 20 июль куни Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида кучли ёғингарчилик юзага келиб, Андижон ва Наманган вилоятлари туманларида аҳоли уйларига сув тошиб киргани ҳақида маълумот берди.

“Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Андижон туманлари, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри, Косонсой, Тўрақўрғон, Давлатобод ва Уйчи туманларида жойлашган аҳоли хонадонларининг томорқалари ва ҳовлиларига сув тошиб кириш ҳолатлари кузатилган.

Воқеа жойига Андижон ва Наманган вилоятлари Фавқулодда вазиятлар бошқармалари шунингдек, вилоят ҳокимликлари, ИИБ, МГ раҳбарияти ва шахсий таркиби ҳамда ФВДТ хизматлари куч-воситалари жалб этилиб, сув оқими оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳоли томорқаларидан сувни чиқариш ишлари олиб борилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишча, кучли ёғингарчиликлар натижасида аҳоли яшаш уйларига зарар етмаган ва жабрланганлар йўқ.

×