ДХХ Наманганда салкам 3 кг наркотик моддаларни тўхтатиб қолди

ДХХ Наманганда салкам 3 кг наркотик моддаларни тўхтатиб қолди

Поп туманида тўхтатилган икки машинадан салкам 3 килограмм опий мусодара қилинди. ДХХ маълумотига кўра, наркотик моддалар Тожикистон ва Қирғизистондан олиб кирилган. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.


Наманган вилоятида наркотик моддалар ноқонуний айланмасига чек қўйилди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум қилинишича, Тошкент-Наманган йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt Поп тумани Ғурумсарой қишлоғида текширилган. Унинг юкхонасида 1 кг 874 гр опий моддаси борлиги ва у машинада йўловчи сифатида кетаётган фуқарога тегишли экани маълум бўлди.

Хизматнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, вилоят ИИБ ҳамда божхона бошқармаси томонидан олиб борилган тезкор тадбирда аниқланишича, ушбу модда Тошкент вилояти Бекобод туманига Тожикистондан учинчи шахслар орқали ўтказилган.


Шунингдек, Наманган-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti ҳам Поп туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда 901 гр опий борлиги ва у машинада йўловчи сифатида кетаётган шахсга тегишли экани маълум бўлди.

Наркотик модда эса Наманган вилоятига учинчи шахслар орқали Қирғизистондан ўтказилган. Икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ ДХХ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кўп босқичли тезкор тадбир ўтказиб, жараёнда Навоий ва Самарқанд вилоятларида Тожикистондан кириб келган 5 килограммга яқин гашиш ва опий моддалари аниқланганди. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилиши маълум қилинган.

×