Бу йилги Ашуро куни 29 августга тўғри келади

Бу йилги Ашуро куни 29 августга тўғри келади

Муҳаррам ойи – ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, у ҳаром ой бўлишидан ташқари, халқ тилида унинг ўнинчи кунига ишора қилиниб, Ашуро ойи ҳам дейилади. Мазкур ойнинг 10-куни – Ашуро куни дейилади ва Ислом динида бу кунни, ундан олдинги ва кейинги бир кунни қўшган ҳолда кундузи рўза тутиш билан ўтказиш, Ашуро кунида оиласига кенгчилик қилиш мустаҳаб амал ҳисобланади.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бу кунда рўза тутиш, оиласига кенгчилик қилиш тавсия этилади. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ»ларида, Абдуллоҳ ибн Аббос розиаллоҳу анҳудан келтирадилар:

«Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом Мадинага ҳижрат қилганларида бу ерда истиқомат қилувчи Бани Исроилнинг рўза тутаётганини, хурсандчилик қилаётганларини кўрдилар-да, улардан сўрадилар: бу қандай кун? Улар айтдиларки, Аллоҳ Мусога қавми билан бирга Фиръавн зулмидан нажот берган кун. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Мен Мусога сизлардан кўра ҳақлироқман», – дедилар-да, ўзлари ҳам рўза тутиб, саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.

Албатта, бу Рамазон ойи рўзаси ҳали фарз қилинмаган вақтда бўлган. Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи йилида фарз қилинган, шундан сўнг Ашуро кунида рўза тутиш ихтиёрий бўлди. Шу билан бирга, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинада қанча вақт турган бўлсалар, яъни 9 йил Ашуро куни рўзасини тутганлар, охирги йили келаси йили Ашуро кунига яна бир кун қўшиб рўза тутишларини айтганлар, аммо бу насиб этмаган.

Бу борада имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисни ҳам эслаб ўтиш жоиз. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ашуро кунининг рўзаси ўтган ва келгуси йил гуноҳларига каффорот бўлади, деб умид қиламан», – деганлар. Албатта, бунда кабийр (катта) гуноҳлар эмас, сағийро (кичик) гуноҳлар ҳақида сўз кетмоқда. Чунки гуноҳи кабираларга алоҳида тавба ҳам лозим.

Шунга биноан, уламолар наздида, Рамазон ойидан кейин Муҳаррам ойининг 9-10-кунлари, 10-11- кунлари рўзасини тутиш мустаҳам амал ҳисобланади.

Ашуро кунида оиласига кенгчилик қилиш ҳақида

Ашуро кунининг яна бир хислати – бу кунда аҳли аёли, фарзандларига кенгчилик қилиш, кийим-кечак, уйга жиҳозлар олиб бериш, уларни хурсанд қилиш ҳам киради. Тўрт мазҳаб уламолари оиласига рўзғор қилиб беришни мустаҳаб деганлар ва бир қанча далилларни келтирадилар. Жумладан, ҳазрати Абдуллоҳдан қилинган ривоятларни келтирадилар:

«Ашуро куни ким оила аҳлига рўзғорини кенг қилиб берса, Аллоҳ таоло йилнинг қолган қисмида унга кенгчилик беради», – деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам.

Катта саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ розиаллоҳу анҳу, мана шу ҳадисга мувофиқ, Ашуро куни оиласига кенгчилик қилишни тажриба қилиб кўрганликларини айтганлар. Суфён ибн Уяйна 40-50 йил тажриба қилганларини айтадилар.

Ашуро куни рўзасининг қазоси йўқ

Абдуллоҳ ибн Аббос, имоми Зуҳрий, Абу Исҳоқ Сабиийлар, мусофирчиликда ҳам Ашуро куни рўзасини тутганликлари ривоят қилинади. Улардан бунинг сабабини сўрашганида, Рамазон рўзасининг қазосини тутиш мумкин, аммо Ашуро куни рўзасининг қазоси йўқ, шу боис бу куннинг фазилатидан истифода қилиш мақсадида сафарда тўғри келиб қолса, унинг рўзасини тутамиз, деб жавоб берганлар.

Ашуро кунида махсус ибодат ёки дуо йўқ

Шариатнинг ҳурмати барча нарсадан устун туради. Муҳаррам ойи ва Ашуро кунига доир юқоридаги 2та тавсияни қамраб олсак кифоя. 10 ёки 100 ракат намоз ўқиш, ҳар ракатда 10 марта Ихлос сурасини ўқиш, кўзга сурма қўйиш керак экан, деган гаплар йўқ ва буларнинг барчаси бидъат-хурофотлар ҳисобланади.

Тошкент шаҳридаги “Бодомзор” жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ашуро куни рўзаси, аҳли аёлига кенгчилик қилиш ва бу кунга хос ибодат мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотларни сўзлаб берди.

×