Наманган вилоятининг Чортоқ туманида эко туризмни ривожлантириш мақсадида янги кўринишдаги замонавий шаҳарча барпо этилади. Икки йил давомида битиши режалаштирилган иншоотнинг қурилиш жараёнига 1 минг 200 нафар ишчи жалб қилинади. Бу ҳақда Турзимни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан вилоятга уюштирилган пресс-турда Чортоқ тумани ҳокими Анвар Отахўжаев таъкидлаб ўтди.
Отахўжаевнинг «Дарё» мухбири Миролим Исажоновга берган интервьюсида айтишича, меҳмонхона ва виллалар қуриш лойиҳаси Уммон султонлигининг «Al-Hamdoni group» ҳамда «Arkan Majan al-Mumayaza» компанияларига тегишли.
«Ушбу лойиҳалар учун Чортоқ сув омбори атрофидан 20 гектар жой ажратилди. У ерга беш юлдузли беш қаватдан иборат меҳмонхона қурилади. Унинг устида вертолёт қўнишига мўлжалланган майдон ҳам бўлади. Бундан ташқари, меҳмонхона атрофида 200 та икки қаватли виллалар бунёд этилади.
Инвесторлар «Хорижликларни шу ерга келиб, ҳордиқ чиқаришлари учун севимли дам олиш масканига айлантирамиз. Бу ернинг тоза ҳавоси, маҳсулотлари уларда илиқ таассурот қолдириши шубҳасиз», — дея катта марраларни кўзлашган.
Меҳмонхона битгач, унинг ўзида юзлаб юртдошларимиз учун янги иш ўринлари яратилади. Биз ҳозирданоқ чортоқлик ёшларнинг жуда кўпчилигига рус, инглиз ва араб тиллари бўйича чуқур билим бериб, ўқитяпмиз. Улар меҳмонхонада хизмат кўрсатиб, фаолият юритади.
COVID-19 пандемияси туфайли инвесторлар билан Zoom платформаси орқали мунтазам равишда мулоқот қиляпмиз. Улар қурилиш ташкилотларини танлагач, 2020 йил якунига қадар қуриш ишлари бошланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион евро бўлиб, уни 2022 йилда якунига етказиш кўзда тутилган», — деди Чортоқ тумани ҳокими.
Анвар Отахўжаевнинг билдиришича, ҳудудда тиббиёт туризми равнақи учун ҳиндистонлик инвесторлар билан ҳамкорликда янги лойиҳа амалга ошириляпти.
«Туманда тоза ичимлик сувидан ташқари, даволовчи ҳусусиятга эга 52 градус иссиқликда чиқадиган табиий сув ҳам бор. Инсон организми, таянч ҳаракат аъзоларига жуда фойдали ва шифобахш ҳисобланади. Ҳиндистонлик инвесторлар ўзларининг табобат усулида санаторий қуриш ниятида лойиҳа тақдим этди. Бизга маъқул келгач, уларга 10 гектар ер майдони берилди.
Шунингдек, Голландия ва россиялик инвесторлар ҳамкорлигидаги 25 миллион долларлик лойиҳа битиш арафасида. Улар 450 ўринли санаторий қуришди. Бир неча ой ичида ишга тушиши мўлжалланган сиҳатгоҳга туман аҳолисининг 200 нафари ишга жойлашади», — деди Отахўжаев.
Чортоқ тумани ҳокимининг қўшимча қилишича, ҳозирда ҳудудда 11 та санаторий фаолият юритмоқда. Улардан биттаси Касаба уюшмалари федерациясига қарашли бўлса, қолган 10 таси хусусий.
Тасодифий хабарлар
Вазирлик ДХХ хабарини рад этди: «Жиҳодчилар» орасида маҳалла раиси бўлмаган
Наманганда 1 900 000 сўмга нархланган чақалоқ
Ўзбекистонда январь ойидан кейин февраль қандай кечади — об-ҳаво маълумоти
Мирзиёев Тожикистон ва АҚШга боради
Bosh prokuratura xorazmlik jurnalist Davlatnazar Ro‘zmetov hibsga olinmaganligini ma’lum qildi