НамДУ 4-босқич талабаси, Ёшлар иттифоқи гранти соҳиби, депутат, тарихчи, иқтисодчи ва ижодкор Жавлонбек Абдуллаев билан суҳбат
Жуссаси кичикроқ, аммо кўзларида ҳаётга бўлган муҳаббати чексиз Жавлонбекнинг болалиги ўзига хос мураккабликлардан иборат. У дунёга келганида онаси Мўътабархон ая, отаси Абдуқаюм ака хурсандчиликдан еру кўкка сиғмаган эдилар. Жавлонбек оиланинг кенжа фарзанди эди. Отаси ўқитувчи, онаси эса уй бекаси. Эндигина олти ёшга тўлганида, ёзнинг жазирама кунлари эди. Мактабга чиқиш истаги қалбини қамраб олган, бунга тайёргарлик ҳам кўришганди. Аммо фалокат оёқ остида экан. Кўчада чопқиллаб кетаётиб, машина келганини билмай қолди. Натижада ўйноқлаб юрган болакай автоҳалокат сабаб тўшакка михланди. Мурғаккина вужуд оғир азобни матонат билан енгса-да, ўз жигаргўшасининг дардини кўтарган ота-она нураб борардилар, гўё! Уларни моддий қийинчиликлар, фарзандининг келажаги ўйлантирарди…
Ҳозир эса қаҳрамонимиз ёшларнинг энг фаол қатламига мансуб: сузиш бўйича икки, ядро улоқтиришда бир карра Ўзбекистон чемпиони, Паралимпия ўйинлари ғолиби, Наманган Давлат университети битирувчиси, Косонсой тумани депутати. Эҳтимол, ҳайратланмассиз, чаққон экан-да, дерсиз. Бироқ Жавлонбекнинг қўлтиқтаёқда ўтаётган 18 йиллик ҳаётидан хабар топиб, бу марраларга эришиш унга осон бўлмаганини ҳис қиласиз.
- Жавлонбек, илк бор сизга қўлтиқтаёқ ва ногиронлик аравачаси тутқазишганида ўзингизни қандай ҳис қилгансиз?
– Бу мудҳиш воқеа 2003 йил 14 августда содир бўлди. Ўйнагани кўчага чиқдим. Чанқаб кетиб ариқдан сув ичгани бораётсам, узоқдан нимадир келаётганини пайқадим-у, аммо қочишга, девор тагига ўтишга улгурмадим. Сониялар ичида мен «КамАЗ» ғилдираги ёнида ётганимни кўрдим: ҳаммаёғим қон, қўлларим, уст-бошим чанг эди. Қайта ҳушимни йўқотдим… Кўзимни очсам, шифохонадаман. Ўрнимдан турай деб чойшабни кўтариб ҳаммасини тушундим. «Оёғим қани?» деб қичқирдим. Боядан буён тинмай лабини тишлаётган онам ҳўнграб йиғлади, отам эса палатадан чиқиб кетди. Ўша бахтсиз ҳодиса сабаб оёғимдан айрилганман…
Кейин камина учун энг оғир кунлар бошланди. Тенгдошларим мени бир-бир тарк этиб, кўринмай қолдилар. Онамдан: «Нега улар келишмайди?» деб йиғлаб сўраганимда: «Улар мактабга боришяпти, болам!» дегандилар. Мен эса тўрт девор ичида ўтирардим. Дадам елкаларида кўтариб юрдилар. Онам эса кўзимга тикилиб, кулиб турсалар-да, юраклари йиғлаганини сезардим. Бошимдан оғир муолажаларни ўтказдим. Натижада бир оёғим кесиб ташланди.
Ҳамма мактабда ўқиётган пайтда отам: «Уй - мактаб, мен - ўқитувчи сенга!» деганча ручка, дафтар, китоб кўтариб келдилар. Ишонасизми, тўрт девор ичида қолганим сабаб отамни қуёшга ўхшатдим. Ҳаётимга зиё олиб кирган эдилар. Ҳа, биринчи устозим отам эди. Кўп ўтмай, тенгдошларимдан ҳатто ўзиб кетдим. Яна бир воқеа эса мени ларзага солади. Ижтимоий таъминот марказидаги ходимлар менга ногиронлик аравачасини олиб келишганида роса шод эдим. «Энди мен ҳам кўчаларга чиқаман!» дедим. Қувончим бир олам эди. Бироздан сўнг, уйга отам келди. Аравачани кўрдилар-у, бақирганча уни кўчага улоқтириб ташладилар. Мен ҳеч қачон дадамни бу аҳволда кўрмагандим. Анчагача хафа юрдим, ранжидим, йиғладим. Аммо кейинчалик отам нимага ундай қилганларини тушундим.
Юзимни табассум тарк этган, кўзимга атроф-муҳитдан тортиб одамларгача ёқмаган болалик дамларим. Юқорида айтганимдек, бошланғич таълимни уйда бошладим, бир вақтда ўзбек ва рус тилларини ўргандим. (Ҳозир чет тилларини яхши биламан, саккиз балли «IELTS» сертификатим ҳам бор). Кундузи китоб ўқиб, кечаси отамга сўзлаб берардим. Аммо барибир мактабга бормаганим алам қиларди. Кейин «Мана сенга қўлтиқтаёқ. Тўғри, бошида ундан фойдаланишга қийналасан, лекин тез орада унинг қулайлигини англайсан», дедилар. «Футбол ўйнасам ҳам бўладими?» кўзларимни катта-катта очиб, дадамга қараб сўрадим. «Ҳа, фақат яхшилаб юришни ўрганиб ол!» дедилар. Шу кечадан эътиборан бир жуфт қўлтиқтаёқда юришни машқ қила бошладим. Бир йиқилдим, икки йиқилдим… Хуллас, унда бемалол ҳаракатланишни ўргандим. Дадам бундан жуда мамнун бўлди ва менга битта қўлтиқтаёқнинг ўзи етарли эканлигини уқтирди… Агар ўшанда ногиронлик аравачасига ўтирганимда, бир умр шу матоҳнинг эгасига айланган, боғланиб қолган бўлардим. Бунинг учун отамдан бир умр миннатдорман. Падари бузрукворим ва волидаи муҳтарамам елкаларида кўтариб юриб, ўзлари бу оламни эрта тарк этдилар. Илоҳим, руҳлари шод бўлсин! Ҳозир акам Жамшидбек билан бирга яшайман.
- Аввало, бу савол учун узр, айтинг-чи, ўзингизни ногирон деб ҳисоблайсизми?
- Хижолат бўлманг, бу сўзлар (ёки тушунчалар)нинг моҳиятини ҳар ким ҳар хил тушуниши, тавсифлаши мумкин. Атрофдагиларнинг аксарияти «ногирон» сўзини таъсирли, ачинганнамо оҳангда тилга олишади.
Хўш, ногирон ким? Шу ўринда севимли ёзувчим Тоҳир Маликнинг фикрларини эслаб, миямдаги жангари хаёлларни тартибга солсам:
«Тилимизда ҳар хил атамалар борки, ёқимли, баъзан ачинарли. Улардан биттаси «ногирон» деган атама. Аллоҳ ҳар бир одамни ҳар хил қилиб яратади. Баъзилар туғилишдан, баъзилар орттирма камчиликка эга бўлади. Буларнинг ҳаммаси синов. Синов деганимки, Аллоҳ одамга ҳайвондан фарқли ўлароқ ақл ва жуда катта ирода берган. Лекин бу иродани барча бир хилдай кучга киритолмайди. Ўша кучни одам ўзи беради иродага. Иродасизлиги унинг заифлиги.
Ҳамма ёғи соппа-соғ, ҳамма шароитлари бор ўқимайди, илм олмайди, танбал, дангаса - ана ўшаларни мажруҳ, ногирон дейиш керак!»
Ҳа, демак, ақлан соғлом, маънан етук кишини «ногирон» деб аташ нотўғри.
- Университетни тамомлаяпсиз, талабалик даврингиздаги таассуротларингиз, келгуси режаларингиз тўғрисида ўртоқлашасизми?
- Косонсой тумани марказидаги 1-умумтаълим мактаби муаллими Карима Ибрагимова биринчи устозим, якка тартибда хонадонимизга келиб сабоқ улашганлар. Тумандаги 22-ДИМИ, НамМТИ қошидаги 2-сонли академик лицей устозларидан қарздорман. Иродамни букмай, ёшликдан қатор ғалабаларни қўлга киритиб келмоқдаман.
Аъло баҳоларга ўқишим мени Наманган давлат университети томон етаклади ва талаба деган номга мушарраф бўлдим. Олий ўқув юртим мен учун муқаддас даргоҳ. Бу ерда педагогларимнинг меҳрини, муҳаббатини, қўллаб-қувватлашларини ҳис қилдим. Устозларим Рустам Имомов, Камолиддин Сирожиддинов, Феруза Муродхўжаева, Азизбек Азизов, Жавоҳир Йўлдошев. Саидакбар Муталовлар ютуқларимга катта ҳисса қўшишмоқда, кўмак кўрсатишмоқда.
Спортнинг сузиш тури билан мунтазам шуғулланаман. Параолимпиада иштирокчиси ва икки карра Ўзбекистон чемпионлигига эришдим. Ядро улоқтириш бўйича бир карра республика чемпиониман. Шу ҳолимда бир қанча вилоят ва республика кўрик-танловларининг ғолибига айландим. Бадиий ижодда қалам тебратиб, бир қатор бадиий ва илмий мақолалар муаллифи, университетда ўтказилаётган барча тадбирларнинг фаол қатнашчиси, сертификат ва дипломлар соҳиби бўлдим, кўплаб лойиҳалар муаллифиман. Устозим Камолиддин Сирожиддинов раҳбарлигида Наманган вилоятида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш халқаро маркетинги стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича илмий изланиш олиб бормоқдаман. Яқинда ногирон-ампутантлар ўртасида Ўзбекистон футбол мусобақаси турнирини ташкил этишдаги ташаббусни қўлга олиб, дастлабки ўйинларни йўлга қўйдик.
Наманган давлат университети жамоаси мен сингари истеъдод эгаларини ўз бағрида беминнат тарбияламоқда.
Дарвоқе, Ҳар сафар қандайдир қийинчиликка дуч келсам, отамнинг умид билан боқаётган кўзларини, онам елкасида халта кўтариб, оилага ёрдам беришга шошаётганларини кўз олдимга келтираман. Улар қийинчиликдан қўрқишмади. Мен ишонаманки, ҳаёт ҳар доим инсон иродасини синаб боради ва яхши кунларни ҳадя этади. «Мен Ватаним тараққиёти учун ҳисса қўша олсам бас!» деган туйғу билан яшайман.
- Ҳақиқий ватанпарварлигингиз ва метин иродангиз таҳсинга сазовор. Албатта, шу ҳаракатларингиз катта куч ва билим талаб қилади. Тушкунликка тушиб қолган вақтларингизда мотивацияни қаердан оласиз?
– Ҳаётнинг кескин зарбаларини тотишга улгурдик: автоҳалокат, қайта-қайта операция, маълум муддат ҳаётга бегоналик ҳисси, одамларнинг муносабатларидаги ачиниш оҳанги, аввал отамнинг, кейинчалик онамнинг вафот этишлари, ёлғизлик… Хуллас, кетма-кет мусибатлар йигирма уч ёшимгача бошимга тушибди, аммо нолимайман, яшаётганим учун Яратганга шукур айтаман! Хотиралар тушкунликка туширади. Бироқ ҳаётда барча нарсанинг ўз вазифаси бор… Мотивацияни айнан тушкунликнинг ўзидан оламан. У ёрдам беролмаса, ота-онамнинг элас-элас қулоғим остида жаранглайдиган ҳикматли сўзлари дастуриламалимдир. Ортга йўл йўқ! Ортиқ қоқилиш, чекиниш, ҳиссиётларга ўралашиш ножоиз. Олдимда энг буюк вазифа – Аллоҳ берган умрни самарали сарфлаб, ота-онамнинг ишончини оқлашдек муқаддас бурч бор. Депутатликдек қийин вазифа баъзан елкамни зирқиратади. Шунда ҳазрат Навоийнинг бир байти ёдимга келади. «Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур», дейилади «Хамса»да. Мақсадим – халққа кечаю кундуз хизмат қилишдир, бунда ишонч катта масъулият юклайди. 2019 йил Косонсой тумани Кенгашига депутат бўлиб сайландим. Одамларнинг дарду ташвишларини биргаликда ҳал этиш менга доимо қаноат ва қанот бағишлайди. - Бошқаларга ҳам тавсия қиладиган энг севимли машғулотингиз ҳақида гапириб берсангиз…
– Автофалокат туфайли тўшакда ётган пайтларимда китоблар менга энг яқин дўст бўлди. Ҳаётимда улар билан боғлиқ чиройли ва унутилмас хотиралар талайгина. Уйимизда дадам раҳматлининг ижодхоналари бўларди. Шифтга қадар ўрнатилган китоб жавонлари лиқ тўла ва юксак дид билан жойлаштирилган. Бир тарафда луғат, энциклопедиялар туркуми терилган бўлса, нариги томонда ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари. Машраб, Бобур, Пушкин… рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.
Дадам иқтисодчи бўлганлиги учун ноёб соҳага оид асарларни алоҳида тортмада сақларди. Мен ўша китобларга кўпроқ қизиқардим. Уларни тушунмасам-да, ўқийверардим. Жилдлари сарғайган, китобнинг «шитир»лашидан завқланардим. Йиллар ўтиб, уйлар ҳам, китоб жавонлари ҳам янгиланди. Аммо ўша болалигимдаги эртакнамо ижодхонани қўмсайвераман. Болаликнинг, илмнинг ҳиди бор эди унда… Ҳозир ўзимнинг кутубхонам ва муҳрим бор.
Шахсий кутубхонамдан отамдан қолган эски ва азиз китоблардан тортиб ўзбек, рус, инглиз тилидаги бадиий ва илмий адабиётлар ўрин олган. Янада бойитиш ҳаракатидаман. Ҳа, айтганча, улғайибман. Ҳозирда сиёсий асарлар билан биргаликда романтик асарларга қизиқишим баланд (кулади). - Жавлонбек, умуман тинмайсиз, чарчамайсиз, сузиш бўйича икки карра, ядро улоқтиришда бир марта Ўзбекистон чемпиони, ниҳоят, Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлдингиз. Юқори поғоналарда турганингизда кўнглингиздан нималар кечди?
– «Чопилган оёғим билан чопдим мен…» деб ёзган эди Рауф Парфи… Қўлтиқтаёқда юрган боланинг кун келиб чемпион бўлиши кимнинг ҳам хаёлида бор, дейсиз. Ёз фаслида ўртоқларим билан сойда тенгма-тенг сузавериб, тузуккина спортчига айланганимни пайқамай қолибман. Илк бор мусобақада қатнашиб, ғалаба қозонганимда ҳаммаси тушдек кўринган менга. Онамнинг қувончини, оғиз тўлдириб қўшниларга мақтанганларини айтмайсизми! Сўнгра спортга (ҳаётга ҳам) қизиқишим ортди. Хушхабарлар бир-бирига уланиб кетди. Паралимпия ғолиби бўлганимдаги қувончларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Юртимизга шода-шода медаллар олиб келаётган спортчилар қаторида эканлигимдан беҳад бахтиёрман. Дарҳақиқат, шоир айтганидек, мен ҳам «чопилган оёғим билан чопдим» ва агар она Ватанимизнинг обрўси учун нафақат спорт майдонларида, балки тумандошларимнинг фаровон турмуш тарзи учун сиёсат майдонида ҳам қанча керак бўлса, шунча «чопиш»га тайёрман.
Очиғи, беморлик давримда Аллоҳ берган азиз неъмат – вақтнинг нақадар бебаҳолигини англадим. Ижтимоийлашиш тўрт девор ичида қамалиб ўтиришдан афзаллигини тан олдим. Раҳматли шоиримиз Анвар Обиджон айтганидек, «Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал, умрнинг ҳар они ғанимат» экан. - Ука, китобга, газетага ошнолик инсон қалбини нурлантираркан, ҳаётга муҳаббатни кучайтираркан, бунга сизнинг мисолингизда яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатни «Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати бироз пасаяди
Шавкат Мирзиёев ёнганларнинг оиласига ёрдам кўрсатишни буюрди
"Бу вахшийлик": Сноуден Facebook ва Googleни танқид қилди
"Sky News: "Ғарбнинг қурол-яроғ захиралари тугаяпти, урушни тугатиш ҳақида мунозаралар бор"
Тўрақўрғонда давлат хизматлари марказининг янги биноси ишга тушди