АҚШ 6 минг талаба визасини бекор қилди

АҚШ 6 минг талаба визасини бекор қилди

АҚШ Давлат департаменти 6000 дан ортиқ халқаро талабанинг визасини бекор қилди. Бунга уларнинг мамлакат қонунларини бузиши ва визанинг амал қилиш муддатидан ошиб кетиши сабаб бўлган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Расмийларнинг таъкидлашича, қоидабузарликларнинг катта қисми тажовуз, маст ҳолда транспорт бошқариш, ўғирлик ва "терроризмни қўллаб-қувватлаш" каби ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ. Шу билан бирга, "терроризмни қўллаб-қувватлаш" атамаси остида нималар назарда тутилгани аниқ очиқланмади. Трамп маъмурияти Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун норозилик билдирган айрим талабаларни ҳам антисемитизмда айблаб, нишонга олган эди.

Бекор қилинган визаларнинг қарийб 4000 таси турли ҳуқуқбузарликлар учун, яна 200–300 таси эса "ИНА 3Б" банди доирасида "террорчилик фаолияти" билан боғлиқ айбловлар туфайли бекор қилингани билдирилди. Ушбу кодекс "инсон ҳаётига хавф туғдирувчи ёки АҚШ қонунларини бузувчи" ҳаракатларни террорчилик сифатида белгилайди.

Трамп маъмурияти халқаро талабалар учун виза жараёнларини ҳам кескин кучайтирди. 2024 йил бошида талаба визаларини тайинлаш вақтинча тўхтатилган, июнь ойидан эса қайта тиклангач, абитуриентлардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ҳам очиқ қилиш талаб қилинган. Эндиликда улар "фуқароларга, маданиятга, ҳукуматга ёки АҚШнинг асосий тамойилларига душманлик белгиларини" аниқлаш учун қўшимча скринингдан ўтказилади.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио май ойида Конгрессга берган баёнотида январь ойидан буён "минглаб визалар бекор қилинганини" маълум қилди. Унга кўра, ҳукумат "меҳмонга келиб, таълим муассасаларида тартибни бузаётган" талабаларни чиқариб юборишда давом этади.

Бироқ демократ қонунчилар бу чораларни танқид қилиб, Трамп маъмуриятининг халқаро талабалар визасини бекор қилиш амалиётини "қонуний жараёнга ҳужум" деб аташмоқда.


×