Ғазода қурбонлар сони 62 мингдан ошди

Ғазода қурбонлар сони 62 мингдан ошди

Исроилнинг қарийб икки йилдан буён давом этаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида Ғазо секторида 62 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Ҳудуд қамал остида қолаётгани боис тинимсиз бомбардимонлар ва мажбурий очлик миллионлаб одамларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда. Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди. 

Исроил айни дамда Ғазо шаҳрига зарбаларни кучайтирмоқда. Бу ҳудуд анклавнинг энг йирик маркази бўлиб, бомбардимонлар оқибатида вайронага айланган. Мақсад сифатида шаҳарни тўлиқ эгаллаш ва юз минглаб аҳолининг жанубдаги “консентрация зоналари"га мажбурий кўчирилиши кўрсатилмоқда. 

Кеча, 18 август куни эрталабдан бошлаб Ғазо бўйлаб уюштирилган ҳужумларда камида 30 нафар фаластинлик ҳаётдан кўз юмди. Қурбонлар орасида 14 нафар инсон ёрдам олишга уринган пайтда нишонга олинган.

Ал-Сабра маҳалласига қилинган зарба оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлди, бир неча киши жароҳат олди. Ҳалок бўлганлар орасида маҳаллий журналист Ислом ал-Куми ҳам борлиги хабар қилинди.

“Al Jazeera” мухбири Тариқ Абу Аззоумнинг таъкидлашича, Исроил Ғазо шарқида оғир артиллерия, қирувчи самолётлар ва дронлардан фойдаланиб, ҳужумларни давом эттирмоқда.

“Вайронагарчилик кўлами улкан. Исроилнинг ҳарбий тактикаси қуруқликдаги ҳаракатларга йўл очиш, аҳоли яшайдиган ҳудудларни вайроналар майдонига айлантиришга қаратилган”, дейди Абу Аззоум.

Маҳаллий манбалар Исроил ҳужумлари кеча-ю кундуз давом этаётганини, оддий аҳолининг эса озиқ-овқат, сув ва дори излаб ҳаётини хавф остига қўйишга мажбур бўлаётганини билдирмоқда.


×