Жиззах шаҳрининг “Турон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаронинг норасмий диний фаолият билан шуғулланиш ҳамда диний таълимотдан сабоқ бериш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ хабар берди.
Аниқланишича, Жиззах шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида яшовчи шахс хонадонида норасмий диний фаолият кўрсатиб, гўёки, фуқароларнинг ишларини яхшилаш учун сеҳр-жоду билан шуғулланиб келган. Шунингдек, ушбу шахснинг яшаш жойи кўздан кечирилганда,12 киши мижоз сифатида унинг ёнига келиб, навбат кутаётгани маълум бўлган. Мазкур шахс ваколати бўлмаса-да, фуқароларга мунтазам диний сабоқ бериб келган.
Бундан ташқари, фуқаронинг хонадонидан диний мазмундаги 5 та китоб, 1 та от қамчиси, 9 дона ош пичоғи, 1 дона полиэтилен пакет ичидаги буюмлар ва 110 минг сўм пул расмийлаштириб олинган.
Текширув давомида фуқароларнинг исм-шарифи ёзилган 5 та дафтар топилган. Дафтарларда 100 дан ортиқ кишиларнинг фотосурати ҳамда сўраган ниятлари қайд этиб борилган. Ушбу дафтар кўздан кечирилганда, “иссиқ-совуқ” қилиш учун олинган буюртмалар орасида, хатто, ҳокимлик ва депутатликка даво қилмоқчи бўлган шахсларнинг ҳам борлиги аниқланган.
Жавобгар шахсга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 2-қисми ҳамда 241-моддаси (Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқилиши учун Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судига юборилган.
Суд ҳукмига кўра, фуқарога нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Тасодифий хабарлар
Энг кучли Android смартфонлар ўнлиги рейтинги янгиланди
Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво кириб келади
Яҳудийлар қандай қилиб АҚШ жиловини қўлга олган?
Hindistonda yashin urishi oqibatida 32 kishi halok bo‘ldi
Наманганда аёл нақ 18 нафар фуқарони чув туширди