Украина АҚШдан 90 млрд долларлик қурол сотиб олмоқчи

Украина АҚШдан 90 млрд долларлик қурол сотиб олмоқчи

Россия билан уруш тугаганидан сўнг Украина АҚШдан 90 млрд долларлик қурол-яроғ сотиб олиш ниятида. Дастлаб “Financial Times” мамлакатнинг харид таклифи бўйича ҳужжатларига таяниб, унинг 100 млрд долларлик эканини ёзди. Кейинроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Оқ уйда журналистлар билан бирифингда хабарни тасдиқлади, бироқ қурол-яроғ қиймати 90 млрд долларлик бўлишини айтди.

“Дарҳақиқат, у ерда бизнинг 90 миллиард долларлик таклифларимиз жамланган пакет бор”, дейди Украина Президенти.

Зеленскийга кўра, хавфсизлик кафолатлари Украинанинг ҳамкорлари томонидан кенгайтирилади ва қўшимча тафсилотлар яқин 7–10 кун ичида пайдо бўлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, АҚШ қуролининг харидини Европа мамлакатлари молиялаштиради, бироқ Киев аниқ қайси қуролларни олишни истаётгани кўрсатилмаган. Бунгача Киев шаҳарларни ва муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун АҚШдан камида 10 та Patriot зенит-ракета мажмуасини ҳамда улар учун снарядларни сотиб олиш ниятини билдирган.

Бундан ташқари, Киев Вашингтонга қиймати 50 миллиард долларлик дрон ишлаб чиқариш бўйича битим тузишни таклиф қилмоқда, унда Украина компаниялари ҳам иштирок этади. Бироқ бу маблағнинг қайси қисми дронларни харид қилишга, қайси қисми эса уларни ишлаб чиқаришга йўналтирилиши номаълум. Шунингдек, Украина тинчлик келишуви доирасида Ғарб мамлакатларида музлатилган 300 миллиард долларлик Россия активлари ҳисобидан уруш оқибатида етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда “мустаҳкам тинчлик Путинга имтиёзлар ва текин совғалар эмас, балки келажакдаги тажовузларнинг олдини оладиган ишончли хавфсизлик тизими асосида бўлиши кераклиги” қайд этилган. Шу боис Украина ҳудудий имтиёзларни назарда тутадиган ҳеч қандай келишувга бормайди. Жумладан, Киев Владимир Путиннинг Донбассдан украин қўшинларини чиқариш эвазига Херсон ва Запорожье вилоятларида фронт чизиғини музлатиш ҳақидаги таклифини рад этган. Ҳужжатда бу “Россия қўшинларининг тезкорлик билан Днепрга томон яна илгарилаши учун трамплин яратади” ва Россиянинг “ўз мақсадларига бошқа воситалар орқали эришишига имкон беради”, деб қайд этилган.


Теглар:
×