1 декабрдан НамДУда ўқиш ҳафтада 5 кун бўлади, шанба - амалиёт куни!

1 декабрдан НамДУда ўқиш ҳафтада 5 кун бўлади, шанба - амалиёт куни!

Наманган Давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор Собитхон ТУРҒУНОВ:

«Тарбия –биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир». Абдулла Авлонийнинг тарбия мавзусидаги долзарб сўзлари замирида ҳаётий ҳақиқат мужассам. Дарҳақиқат, келажак авлодни соғлом ва билимли этиб тарбиялаш миллатнинг эртанги кунини яратишдир. Мана шундай эзгу мақсад йўлида бугун мамлакатимизда таълим тизимига катта эътибор қаратилмоқда. Янгича дунёқарашни шакллантириш, таълим жараёнларига инновацияларни жалб этиш, хориж амалиётини чуқур ўрганиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш, улар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, олий таълим тизими ва умумий ўрта таълим мактаблари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш долзарб мавзуга айлангани барчамизга аён. Буни Президентимизнинг тизимга оид Фармон ва қарорлари қабул қилинаётганида кўриш мумкин. Муҳими, уларнинг ижросини сўзсиз таъминлашга интилиш бор. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида олий таълим тизимида бажарилиши лозим бўлган ишларнинг қонуний асослари белгиланди. Наманган Давлат университетида бугунги кунда 600 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Улар тажрибасидан самарали фойдаланиш имконияти мавжуд. Талабалар сони эса 20 минг нафарга яқинлашаётгани университет нуфузининг тобора ортиб бораётганидан далолат. Уларга энг замонавий усулларда таълим бериш олий мақсадимиздир. Фармонда қайд этилганидек, хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари тажрибасидан кенг фойдаланиш, хорижий тилларда ўқитиш амалиётига ўтиш, кредит-модуль тизимини янада ривожлантириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. 5 та таълим йўналишида 9 та академик гуруҳлар шакллантирилди. Жумладан, Туризм ҳамда Меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш каби йўналишлардаги гуруҳларда фанлар инглиз тилида олиб борилиб, уларнинг касбий кўникмалари оширилади.
Қолаверса, фармонда барча олий таълим ташкилотларида ахборот-ресурс марказлари базасидаги дарслик, ўқув-услубий ва қўлланмалар рақамли форматга ўтказилиши белгилаб қўйилган. Ҳозирда университетнинг ахборот технологиялари маркази 245685 та турли адабиётлар, ўқув қўлланмалар фондига эга. Айни пайтда бу ерда рақамли форматга ўтказиш ишлари бошланди ва ягона ахборот қидирув тизими яратилади. Унда талаба ва профессор-ўқитувчилар ўзларига керакли бўлган турли адабиётларга онлайн буюртма бериб, электрон платформадан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўладилар. Фармондан келиб чиқиб, талабаларга назарий билим билан бир қаторда ўз мутахассисликлари бўйича амалий жараёнларга қатнашишларининг аниқ чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 2020-2021 ўқув йилининг 1 декабридан бошлаб университетда 5 кунлик ўқиш куни жорий этилади. Шанба куни «Амалиёт куни» деб белгиланади. Унга кўра, ҳар бир талаба ўз ҳудудидан келиб чиққан ҳолда мутахассисликлари бўйича ишлаб чиқариш корхоналарига, таълим тизимининг бошқа бўғинларига жалб қилинадилар.
Бундан ташқари, таълим сифати, ўқитувчилар малакасини янада ошириш мақсадида Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ва Наманган давлат университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу орқали умумий ўрта таълим мактабларига чуқур кириб бориш механизми яратилди. Олий таълимга киришда қуйи кўрсатгичларга эга 206 та умумий ўрта таълим мактабларида университетнинг фан тўгараклари ташкил этилди. Фан тўгараклари фаолияти шундан иборатки, профессор-ўқитувчилар ҳафтанинг аниқ белгиланган кунида ўқувчиларга олий ва профессионал таълимга ўзгача ёндошув дастурлари асосида билим берадилар. Тўгараклар учун керакли бўлган замонавий моддий-техник жиҳозлар тўлиқ университет томонидан таъминланади. Бу мактаб ўқитувчиларига яқиндан кўмак бериш, уларнинг билимини янада мустаҳкамлашдан иборат. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти ва даражаси тўгаракларда таълим олаётган ёшларнинг олий таълим тизимига кириш натижаси билан баҳоланади ҳамда олаётган маошларига 30 фоиз устама қўшиб берилади.


Шунингдек, мактабдаги магистратура йўналишини тамомлаган ёки 5 йиллик олий таълим мутахассислик дипломига эга бўлган малакали ўқитувчилар университетда ўриндошлик асосида ишга жалб қилинишлари мактаб ва университет ҳамкорлигини янада кучайтириши аниқ.
Шу билан бир қаторда, университет тўгаракларида фаол иштирок этган, барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиган йигит-қизларга университет стипендиялари тайинланди. Мақсад тўгаракларни номига йўлга қўйиш эмас, Давлатимиз раҳбари айтганларидай, ёшларга чуқур билим бериш ҳамда уларни катта ҳаётга тарбиялашдир. Шунингдек, фармондаги халқ таълими ходимларининг малака ошириш жараёнини «Ҳаёт давомида ўқиш» тамойили асосида вилоятдаги 159 та умумий ўрта таълим мактабларида университетнинг методик марказлари шакллантирилиб, унинг аниқ чора-тадбирлари ишлаб чиқилди ҳамда профессор-ўқитувчилар бириктирилди. Марказларнинг асосий вазифаси мактаб ўқитувчиларининг билим ва малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш ва сертификат билан таъминлаш. Мазкур сертификат уларни ҳар 5 йилда оширилиши керак бўлган малакалари билан тенг ҳисобланади. Бунинг афзаллик томони шундаки, эндиликда ўқитувчилар вилоят марказига малака ошириш учун келмайдилар. Ўқитувчи дарс жараёнларидан ажралмаган ҳолда ўз малакасини ошириш имкониятига эга бўлаётгани албатта таълим сифатини ошишида муҳимдир. Унда нафақат битта фан балки, педагогик-психологик методлар, Президент асарлари ва фармонлари, сиёсий билимлар чуқур ўргатилади. Ҳозирда университетда ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда. Ишчи гуруҳига масъуллар тайинланган бўлиб, улар туманларда олиб борилаётган ишларни таҳлилий чуқур ўрганиб борадилар, ахборот базаси яратилади. Яна бир муҳим жиҳат, университетда олиб борилаётган ишларни холислик билан ёритиб бориш мақсадида вилоятимиздаги ОАВ билан кенг ҳамкорлик қилиш тадбирлар режасига киритилган.
Ҳозир университетимиздаги ҳар бир профессор-ўқитувчи Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни сидқидилдан бажариб, келгуси авлоднинг таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиш, чуқур билим бериш борасида меҳнат қилиш истагини билдирмоқда. Шу орқали «Наманган тажрибаси» яратилади. Бу йўлда бирдамлик, ҳамжиҳатлик, аниқ режалар асосида ҳаракатланиш натижа бериши, шубҳасиз.

«Янги Ўзбекистон» газетасининг Намангандаги мухбири
Орифжон ЖЎРАЕВ ёзиб олди.

×