Коронавирус бўйича Республика махсус комиссияси юртимиз аҳолисига мурожаат йўллади.
«Беш ойдан ортиқ вақт давомида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ва кўрсатмаларига мувофиқ бу хатарни имкон қадар кам талафот билан енгиб ўтиш учун барча зарур чораларни кўриб келмоқдамиз.
Кўрилган самарали чора-тадбирлар ҳамда тиббиёт ҳодимларининг фидокорона хизматлари натижасида бугунги кунга келиб Ўзбекистонда коронавирус юқтирган жами 40 мингдан ошиқ фуқароларимизнинг қарийиб 38 мингга яқини ёки 93 фоизи соғайди, 2 минг 700 дан зиёд беморни даволаш ва оиласи бағрига қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Вазият айниқса Тошкент шаҳрида ижобий томонга ўзгармоқда. Яқинда Россия, Германия ва Хитойдан таклиф этилган шифокорлар ҳудудлар ўртасида тақсимлангани, хорижлик экспертлар асосан оғир аҳволдаги касалларни энг замонавий услублар асосида, тизимли равишда даволашга жалб этилгани ўзининг яхши самарасини берди.
Мазкур йўналишда амалга ошираётган шу ва бошқа чора-тадбирларимиз яқин кунларда ўзининг ижобий самарасини кўрсатишига, барча юртдошларимиз янада жипслашиб, ҳар томонлама тартиб-интизомни сақлаган ҳолда, юксак онглилик ва масъулият кўрсатиб, мўътабар кексаларимизнинг дуои фотиҳалари билан бу синовдан эсон-омон ўтишимизга, қаттиқ ишонамиз.
Вужудга келган мураккаб шароитни ҳисобга олиб, бу йилги қатор байрамлар ва оммавий тадбирлар ўтказишни вақтинча тўхтатганимиздан барчангиз хабардорсиз.
Мана, юртимиз мустақиллигининг 29 йиллик айёми ҳам яқинлашиб келяпти. Давлатимиз раҳбарининг топшириқларига мувофиқ, пандемия шароитида мазкур буюк санани нишонлаш тартибини келишиб олиш учун соғлиқни сақлаш тизимининг вакиллари билан маслаҳат қилдик. Албатта, бунда ҳам асосий вазифа – халқимиз саломатлигини асраш нуқтаи назаридан масалага ёндашилди.
Пандемия билан боғлиқ вазият бу йил жойларда катта йиғин ва оммавий сайиллар ўтказишни, шунингдек, боғ ва кўнгилочар майдончаларда концерт дастурлари ташкил этишни, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида мушакбозликларни чеклашни талаб қилмоқда. Шунинг учун ушбу улуғ санани кўпроқ оила даврасида нишонлашни ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келдик.
Корхона ва ташкилотларда ҳам байрам тадбирлари режалаштирилган тақдирда, уларни санитария нормаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш кераклигини алоҳида таъкидламоқчимиз.
Ушбу кунлар биз учун ҳар қачонгидан-да синовли бўлади. Кўрилаётган чоралар қанчалик натижа бериши тез орада аён бўлади.
Шу муносабат билан, ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга, ҳаракатларимизда эпидемилогик талабларга сўзсиз амал қилишга одатланишимиз керак.
Шу боис, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва вазирларга доимий равишда вазиятни таҳлил қилиб, COVID-19 тарқалишини қатъий чеклаш, беморларни самарали даволаш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш бўйича барча чораларни кўриб бориш топширилади».
Эслатиб ўтамиз, Махсус комиссия аввал ҳам юртдошларимизга мурожаат йўллаганди. Унда агар карантин юмшатилишида қоидаларга амал қилнмаса, қатъий карантин қайтиши таъкидланганди.
Ўзбекистонда карантин тартиблари қайтадан 15 август куни енгиллаштирилди.
Тасодифий хабарлар
«Энг расво йўллар Ўзбекистонники» – Алишер Қодиров
Тошкентда бир нечта ҳайдовчини ўлдириб, жасадларни сувга ташлаб юборган қотил Россияда ушланди
Наманганда SPARK машинаси ёниб кетди
Янги боғ ва монумент очилди
МИБ ходимлари олдида ўзини ёқиб юборган андижонлик фуқаро касалхонада вафот этди