Бухорода тўрт йилдан бери газсиз яшаётган ногиронга ОАВ аралашуви билан бир кунда газ берилди

Бухорода тўрт йилдан бери газсиз яшаётган ногиронга ОАВ аралашуви билан бир кунда газ берилди

Бухоро вилоятида тўрт йилдан буён совуқ қишда газсиз яшаб келаётган ногирон фуқарога «Дарё» мухбири аралашуви билан бир кунда табиий газ улаб берилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида яшовчи 72 ёшли фуқаро Наим Саидовдан келган мурожаатга кўра, «Дарё» мухбири муаммони ўрганиш учун кечки пайт соат 20:30 да фуқаро хонадонида бўлди.

Икки ён томони бегона ўт-ўланлару хас-ҳашаклар билан қопланган, ўйдим-чуқур, асфальтланмаган ва таъмирталаб тор йўллар оралаб, белгиланган манзилга бордик. Атрофдаги нохуш ҳид димоғни бўғади. Хонадонларга олиб борувчи кўчаларда чироқ йўқ. Зим-зиё. Автомашина чироқлари ёрдамида ҳовлига кирдик. «Тўкилиб» қолган хонада тўрт йилдан буён қиш чилласини газсиз ўтказаётган фуқаро Наим Саидов бир аҳволда ётарди.

Хона совуқ. Тўшаклар намиққан. Қиш кунида кўпчилик аҳоли электр энергияси таъминотидан ҳаддан зиёд фойдаланишга мажбурлиги боисми, свет ғира-шира ёритади. Хонанинг совуқлигига ярим соат ёки узоғи билан бир соатча чидаш мумкиндир. Лекин икки йилча олдин оёғи синиб, юролмайдиган аҳволга келган Наим Саидов тўрт йилдан буён шу аҳволда яшашга мажбур.

«Аксига олиб, кўзимда ‘катаракта’ ва ‘глаукома’ хасталиги бор. Жисмоний меҳнатга лаёқатсизман. Қийналиб кетдим. Уйимда табиий газ, газ плитаси ёки печка ҳам, овқат тайёрлаб ёки чой қайнатиб ичишга ҳам шароит йўқ. Моддий имкониятим етарли эмаслиги сабабли касалхонада даволана олмайман. Совуқда кўзим баттар хиралашяпти», — дейди Наим Саидов.

Фуқаро тўрт йилдан буён мурожаатларини ўзгалар орқали турли идора, ташкилотларга оғзаки етказган. Лекин оғзаки мурожаатлари қаноатлантирилмаган ва натижа бўлмаган.

2020 йилнинг 4 август куни эса таниши орқали Президент халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, даволаниши ва моддий ёрдам пули олиш масаласида ёрдам сўраган. Мурожаатга Когон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан жавоб хати йўлланган.

Жавоб хатида «Сизга 2020 йилнинг 15 август куни Когон шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳомийлик хайриялари етказиб берилгани ва соғлигингиз ёмонлашгани сабабли тиббиёт ходимлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилганингиз маълум бўлди. Натижадан норози бўлсангиз, юқори турувчи органга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқингиз борлигини билдирамиз» дейилган.

Масъуллар жавоб хатида мурожаатчига 15 август куни ёрдам берилганини ёзган бўлса-да, фуқарога юборилган хат 14 август куни ёзилгани маълум бўлди. Буни Когон шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Мусаввира Шайдоева эса техник хато деб изоҳлади.

«Ушбу фуқарога 2020 йилнинг 5 август куни ҳомийлик хайриялари етказиб берилган. Бу борада далолатнома ҳам мавжуд. 2020 йилнинг 14 августдаги жавоб хатида техник хатога йўл қўйилган».

Маҳтумқули маҳалла фуқаролар йиғини раиси Маҳмуд Қодиров эса мазкур маҳаллада уч ойдан буён иш олиб бораётганини, шу давр мобайнида фуқарога озиқ-овқат ёки пул масаласида умуман кўмак берилмаганини, шунингдек, мурожаатчи «Темир дафтар»га ҳам киритилмаганини билдирди.

Когон шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, тўртинчи сектор раҳбари Фурқат Бобомуродов ҳудудда 12657 нафар аҳоли 2300 та хонадонда истиқомат қилишини айтиб, фуқаро Наим Саидовдан ёзма мурожаат тушмаганини таъкидлади.

«Фуқаронинг оғзаки мурожаатини қаноатлантириш учун ‘Когонтумангаз таъминоти’ бўлимига топшириқ бердим. Фуқаронинг ёлғиз яшаши ва ногиронлигини инобатга олиб, барча керакли анжомларни сотиб олишга келишиб олгандик. Шунга кўра, масала бироз чўзилди», — деди Фурқат Бобомуродов.

Бироздан сўнг воқеа жойига етиб келган «Когонтумангаз таъминоти» бўлими раҳбари Нодир Зокиров эса фуқаро Наим Саидовнинг якка ёлғизлигини, ногиронлигини билмаганини билдирди.

«Совуққонлигим сабаб вақтида келолмадим. Олдинроқ келганимда, бу масала аллақачон ечим топган бўларди. Эртага соат 11:00 гача қолмай, хонадонга зангори олов киради», — деди Нодир Зокиров.

«Когонтумангаз таъминоти» бўлими раҳбари ваъдасини бажариб, эртасига фуқаро хонадонини табиий газ билан таъминлади.

Фуқаролар мурожаатига кўра, навбатдаги манзилимиз туманнинг «Сараён» маҳалласи бўлди. Айтилишича, сараёнликлар узоқ йиллардан буён қиш фаслида табиий газ таъминоти яхшимаслигидан шикоят қилиб келган. Маҳалла раиси Ўктам Холов аҳоли ва хонадонлар сони ортгани сабаб табиий газ босими пасайганини билдирди.

«Мутасаддилар ҳам дастурдан чиқиб кетолмаслигини билдирди. Газ трубаларининг уланиш нуқтаси саккиз километр олисдаги ‘Кончилар’ қўрғонига қадар чўзилган. Янги трубалар тортиш 650 миллиондан ортиқ маблағ талаб қилар экан. Шу боис, сараёнликларни қийнаб келаётган сув, свет ва табиий газ муаммоларини бартараф этиш масаласи 2021 йилги дастурга киритилар экан», — деди Ўктам Холов.

Маълум бўлишича, ушбу маҳаллада ҳовли-жойлардан ташқари 14 та кўп қаватли уй ҳам мавжуд бўлиб, «Когонтумангаз таъминоти» кўп қаватли уйларни табиий газдан узмай, ҳовли-жойларни суюлтирилган газга ўтказиш ва 50 тонна кўмир тарқатиш таклифини берган. Бироқ, буни аҳоли рад этган.

Фуқаро Мафтуна Раҳмонованинг айтишича, одамларга ҳар йили қиш фасли арафасида кўплаб ваъда берилади, аммо амалда бажарилмайди.

«Ўтган йили вилоятимизга Президентимиз келган пайти қишлоғимизда табиий газ босими кўтарилди. Бироқ, орадан саноқли кунлар ўтмай яна пасайди. Шу сабаб уйларимиз жуда совуқ. Газ бор, линия бор, аммо таъминот йўқ. Электр энергияси таъминотидаги узилишларни-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Етмагандек, ичимлик суви ҳам истеъмолга яроқсиз. Жонимиздан ўтгандан кейин ижтимоий тармоққа мурожаат қилишга мажбур бўлдик», — дейди Мафтуна Раҳмонова.

«Дарё» мухбири билан суҳбатлашган аҳолининг айтишича, улар маҳаллага беш ой раислик қилган Д.П.га носоз трубаларни созлаш, муаммоларни бартараф этиш учун 40 минг сўмдан 9 миллион сўм пул йиғиб берган. Бироқ муаммо ўз ҳолича қолиб кетган, аҳоли пуллари эса қайтарилмаган. Таппи йиғишга мажбур бўлаётган аҳоли эса ҳамон қийинчиликлар билан яшамоқда.

×