Мовароуннаҳр ҳудудида ислом оламида машҳур, илм аҳли ҳурмат қилган кўплаб уламолар етишиб чиққан. Улардан бири биз билан замондош шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдир ҳазратларидир.
Шайх ҳазратлари Ўзбекистонда сиёсий нотинч даврларда дин пешволари қаторида эди. Бу инсон СССР Олий Кенгашининг халқ депутати, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси – муфтийси, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси бўлган. Уларнинг ислом илмига бахшида умр йўллари паст-баландликлар, турли диний ғавғолар ичра ўтган.
Ҳазратнинг ибратли асарларини биламиз, лекин қийинчиликда, Ватандан йироқда ўтган кунларидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Шайхнинг ўз юртини ташлаб кетишига сабаб бўлган воқеалар шу вақтгача кенг оммага очиқланмаган ва ислом илми аҳли мазкур воқеаларга ойдинлик киритишни эп билмаган эди.
ЎзА мухбири Анора Содиқова шайх ҳазратларининг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқ билан 1993 йилда ҳазратнинг муфтийликдан истеъфога чиқиб, Ўзбекистонни тарк этиши, ҳижратдаги ҳаёти, юртга қайтиш сабаблари, ҳаётий тамойиллари ҳақида суҳбатлашди.
"Исмоил Муҳаммад Содиқ ўша даврларда отасининг Ўзбекистонни тарк этишларига мажбур қилган сабабни уларнинг ҳаётларига таҳдид бўлганида, деб кўради ҳамда Тожикистонда кўтарилган фуқаролар уруши билан боғлиқ эканлигини айтади.
Маълумки, 1993 йиллар Тожикистонда фуқаролар уруши авжига чиққан паллалар эди. Бу мамлакатда Ислом уйғониш партияси ва яна 3 номдаги сиёсий фирқалар амалдаги ҳокимиятга қарши бош кўтарган. Ўзбекистонда ҳазрат Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни мазкур партияни қўллаб-қувватлашда, молиялаштиришда айблашган. Шайхни бундай туҳматда айблаганлар уни Биринчи Президент билан алоқаларини бузишни мақсад қилган эди. Шайх ҳазратлари бу иғволарни рад этганларида Тожикистондаги Ислом уйғониш ҳаракати партиясининг ишлари ноўрин эканлиги бўйича кўрсатма бериш сўралади.
Шунда Шайх ҳазратлари, яъни Ўзбекистон муфтийси Тожикистон мусулмонлари хатти-ҳаракатини қоралаб чиқиши, Тожикистондаги ўзбекларга зарар етишини ўйлаб, бундай кўрсатма беришдан бош тортади. Оқибатда, иғвогарлар ташаббуси билан диний идора фаолиятида тафтиш олиб борилади, ҳазратнинг ҳаётларига таҳдид қилинади. Вазият оғир тус ола бошлагач Шайх ҳазратлари она-Ватанини тарк этишга мажбур бўлади.
Шайхнинг Ўзбекистонни тарк этиш сабабини унинг ўғли Исмоил Муҳаммад Содиқ қуйидагича хотирлайди.
— Тарихни ўрганамиз, таҳлил қиламиз деймиз. Лекин, бунинг учун жуда кўп омилларни ҳисобга олишга тўғри келади. Ҳозирги кунда ўша вақтни кўрмаган, у даврда яшамаган одамлар ўзлари кўрмаган нарсаларини таҳлил қилишлари, менимча, нотўғри бўлади. Жуда кўп ҳолатлар борки, гувоҳ бўлмаган инсон вазиятни аниқ билмасдан тўғри хулосага бормаслиги эҳтимоли бор. Шу сабабли ўша даврларга баҳо беришда эҳтиёт бўлиш лозим.
Йиллар давомида ёпиқ бўлган давлат (Совет Иттифоқи назарда тутилмоқда), бирданига ошкоралик, қайтақуриш, нисбатан сўз эркинлигига юз тутди. Бошқа тизимда яшаб турган одамлар, бирданига янги тизимга ўтиб қолди. Шу жумладан, мусулмонларга ҳам нисбатан диний эркинлик берилди. Эркинлик орқасидан мусулмонларга яхшиликлар ҳам бўлди, аммо мана шу эркинликдан ўз мақсади бўйича фойдаланмоқчи бўлганлар топилди. Янги партиялар пайдо бўлди, улар ўз шиорлари билан чиқишди ва маълум ислоҳотларга эришишга уринишди. Мисол учун, бир оилани бошқариш қийин бўлгандек, катта бир давлатни бошқариш ҳам мушкул, албатта. Хусусан, давлатда ўзгаришлар бўлиб турган вақтда уни бошқариш яна ҳам мураккаблашади. Ҳазратимиз ана шундай мураккаб вазиятда дин пешвоси сифатида фаолият юритган. Ўша вақтларда қўшни Тожикистонда фуқаролар уруши рўй бераётган эди. Афғонистонда ҳам вазият ўта нотинч бўлган. Совет иттифоқ бўлиниб, янги давлатлар шаклланаётган давр эди. Марказий Осиё минтақасининг ўзи мураккаб вазиятда бўлган.
Ҳазратни юртни ташлаб чиқиб кетишларига жуда кўп омиллар, сабаблар бор эди. Ўша вақтдаги ҳукумат билан алоқалар, юрт ичидаги мусулмонларнинг ўзаро келишмовчиликлари тез-тез содир бўлиб турарди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мана шу омиллар сабабидан ҳазрат ўзларининг ҳаётлари учун хавф туғилганини идрок этганлар. Ўзбекистондаги мусулмонлар орасида ҳам Тожикистондаги каби вазият юзага келмаслиги эҳтимолини ўйлаб, ватанни тарк этишга мажбур бўлган" - дейди Исмоил Муҳаммад Содиқ.
Manba: Aniq. Uz
Тасодифий хабарлар
Counter-Strike ўйини ДХА компьютерларига қандай кириб қолган?
АҚШ ва Эроннинг ҳарбий салоҳияти солиштирилди (инфографика) ким кучли?
Наманганда автобус эшигига қисилиб қолиб, ерга йиқилган йўловчи вафот этди
Наманганда мажбурий ижро вақтида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлган аёл воқеаси бўйича жиноят иши қўзғатилди
Kaliforniyadagi festivalda otishma sodir boʻldi