Украинага иттифоқчилар томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларидан бири жанговар топшириқни бажариш вақтида йўқолди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий ҳаво кучлари хабар берди.
Қайд этилишича, самолёт билан алоқа кеча, 16 май куни тахминан соат 03:00 да узилган.
“Дастлабки маълумотларга кўра, учувчи учта ҳаво нишонини йўқ қилган ва тўртинчисига қарши авиацион пулемётдан фойдаланаётган бўлган. Шу вақтда бортда фавқулодда ҳолат юз берган”, дейилади Украина Қуролли кучлари баёнотида.
Украина Ҳарбий ҳаво кучларининг таъкидлашича, учувчи самолётни аҳоли пунктидан узоқроққа олиб чиқишга муваффақ бўлган ва хавфсиз тарзда катапулт қилиниб, қутқарув гуруҳи томонидан топилган ва эвакуация қилинган.
Воқеа тафсилотлари ҳақида бошқа маълумотлар берилмаган.
Қайд этиш жоиз, Украина 2024 йил август ойида илк F-16 самолётларини қабул қилган. Украинада F-16 билан бундай ҳодиса биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ. 2024 йил 29 август куни Украина Қуролли кучлари Бош штаби Украинага Ғарб иттифоқчилари томонидан тақдим этилган F-16 қирувчи самолётларидан бири ҳалокатга учрагани ҳақида хабар берган эди. Ҳодиса уч кун олдин Россиянинг йирик ракета ҳужумини қайтариш пайтида юз берган. Самолётнинг қулаши оқибатида “Ой балиқ” белгиси бўлган учувчи Алексей Месь ҳалок бўлди. Фалокат сабаби учувчи хатоси деган назария бор эди. Шу билан бирга, Олий Рада депутати Маряна Безуглая ўз манбаларига таяниб, F-16 Украинадаги Patriot мудофаа тизими ўқи билан уриб туширилганини маълум қилди ва Ҳаво кучларини воқеани бости-бости қилиб юборишда айблади.
Тасодифий хабарлар
Коронавирусга қарши оммавий эмлаш вақти эълон қилинди
Қурбон ҳайитида 10 минг боланинг операцияси ўтказиб берилмоқда
Профилактика инспекторига пора бермоқчи бўлган ҳайдовчига нисбатан ҳукм ўқилди
Бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими жорий этилади
Эрондаги ўзбекистонликлар ҳам огоҳлантирилди