Наманганда икки нафар 2019 йилда туғилган чақалоқ коронавирусдан тузалди

Наманганда икки нафар 2019 йилда туғилган чақалоқ коронавирусдан тузалди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, 2020 йил 4-май куни Наманган вилоятида 17 нафар, Самарқанд вилоятида 2 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Наманганда соғайганларнинг барчаси ушбу вилоятдан (9 нафари Наманган шаҳридан, 3 нафари Учқўрғон туманидан, 2 нафари Норин туманидан, 1 нафардан Чуст, Наманган ва Уйчи туманларидан) бўлиб, улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Беморларнинг 6 нафари эркак, 11 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 48 ёшда бўлса, икки нафар энг ёши кичиги 2019 йилда туғилган. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.

Самарқандда тузалганлардан 1 нафари (аёл) 37 ёшда бўлиб, Самарқанд шаҳридан. Яна 1 нафари (эркак) ҳам 37 ёшда бўлиб, Тойлоқ туманидан. Улар коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган. Вилоятда шу вақтгача 22 нафар бемор тузалган бўлса, эндиликда уларнинг сони 24 нафарга етди.

Шунингдек, пойтахтимиздаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 9 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 8 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан соғайганларнинг 7 нафари Тошкент шаҳридан, Бухоро ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 8 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 1 нафари эса Россиядан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Беморлардан 6 нафари эркак, 3 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 61 бўлса, энг ёши кичиги 9 ёшда.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 6 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. 2 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, пойтахтимиз ва Тошкент вилоятидан 3 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятидан 1 нафардан. Беморлардан 6 нафари эркак, 2 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 58 бўлса, энг ёши кичиги 10 ёшда.

Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан навбатдаги 6 нафар бемор бутунлай соғайиб, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайганларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридан, Сирдарё, Наманган ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 1 нафари Россиядан Қозоғистондан орқали, яна 1 нафари Қозоғистоннинг ўзидан, яна 1 нафари эса Туркиядан юртимизга келишган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 5 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 62 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 19 ёшда.

Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 51 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони 1370 нафарга етди.

×