Россияда жорий йилнинг 3 ноябридан бошлаб чет эл фуқароларини мамлакатдан маъмурий тартибда чиқариб юборишга асос бўладиган ҳуқуқбузарликлар рўйхати кенгайтирилди. Эндиликда, бундай ҳуқуқбузарликлар сони 22 тадан 45 тага етди. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, янги асослар қаторига майда безорилик, оммавий тадбирларни ўтказиш тартибини бузиш, полиция ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳамда Россия Қуролли кучларини обрўсизлантириш каби ҳолатлар киритилган.
Шунингдек, Россияга қарши санкциялар жорий этишга ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини бузишга чақириш, фавқулодда вазият, террорчиликка қарши операция ёки ҳарбий ҳолат режимини бузиш ҳам мамлакатдан чиқариб юборишга сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, миллатчилик ва экстремистик рамзларни тарғиб қилиш, экстремистик материалларни тарқатиш ҳамда камситиш ҳолатлари ҳам янги рўйхатдан ўрин олган.
Қонунга киритилган ўзгартишлар Россияга кириш ва мамлакатда бўлиш қоидаларини бузиш, шунингдек, ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун белгиланган маъмурий жарималарни оширишни ҳам назарда тутади.
Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг дастлабки тўққиз ойида Россиядан 63,5 минг нафар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс мажбурий тартибда чиқариб юборилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп.
Шунингдек, жорий йилнинг саккиз ойида Россия Ички ишлар вазирлиги 260 мингдан ортиқ чет эл фуқаросининг мамлакатга киришини тақиқлаган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 75,8 фоизга ошган.
Тасодифий хабарлар
Ўзбекистонда Президентни интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди
Мажбурий овоз тўпланган лойиҳалар «Ташаббусли бюджет»дан четлатилади
1 ноябрдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
Россия мигрантларни чиқариб юбориш қоидаларини кескин кучайтирди
АҚШ визага ариза топширган ўзбекистонликларнинг 64 фоизига рад жавоб берди