Наманган бозорларида қиш чилласида пишган қулупнай сотувга чиқарилди

Наманган бозорларида қиш чилласида пишган қулупнай сотувга чиқарилди

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида барпо этилган иссиқхонада қиш чилласида қулупнай бозорларга чиқарилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

«Январь ойи бошида нишона ҳосилни узиб олгандик. Ҳозир ҳам ҳар куни қатор оралаб, экиннинг қизарганлари узилиб, харидорларга етказиб турилибди», – дейди иссиқхонани юритаётган «Универсал еврофуд трейдинг» раҳбари Қодиржон Қурбонов.

Тадбиркорнинг айтишича, мазкур жараён 6 ой давом этади. Сўнг «она экин» мева бериш ўрнига ёнидан «болача» новдаларни чиқаради. Бу эса қўшимча қулупнайзор ташкил этиш имконини беради. Қазиб олинган кўчатлар бошқа тувакларга ўтқазилиб, экин майдони кенгайтирилади.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Зоҳидахон Кенжаевага кўра, Жанубий Корея технологияси асосида, гидропоника услубида ҳосил олинаётган иссиқхонада юмушларнинг деярли барчаси автоматлаштирилган. Экинлар махсус жадвал асосида томчилатиб суғорилади. Сув замонавий қурилма ёрдамида минерал ўғит ва бошқа фойдали унсурлар билан бойитилади. Сўнг компьютер дастур асосида белгиланган вақтда пайкалга сувни узатади.

Қизиғи, экин гулларини чанглатиш ҳам ўзига хос услубда бажарилади: иссиқхона ичида худди қушнинг ини сингари қутичаларга жойлаштирилган «хорижлик ари»лар вақти-вақти билан индан чиқиб, гулларни чанглатади.

Тўрақўрғонда қишда пишган қулупнайлар мазаси ниҳоятда хуштаъм эканлигини харидорлар ҳам эътироф этмоқда. Улар Наманган бозорлари ва дўконларида ўртача 100 минг сўм атрофида сотилмоқда.

×