Миср ва Хитой Ғазони қайта қуриш учун халқаро сафарбарликка чақирди

Миср ва Хитой Ғазони қайта қуриш учун халқаро сафарбарликка чақирди

Миср ва Хитой Бош вазирлари Ғазо секторини қайта қуриш бўйича араб-ислом режасини амалга ошириш учун халқаро ёрдамни зудлик билан сафарбар этишга чақирди. Бу ҳақда Миср ҳукуматининг тегишли баёноти эълон қилинди. 

Миср Бош вазири Мустафо Мадбули ва унинг хитойлик мавқедоши Ли Цян Қоҳиранинг шарқидаги янги маъмурий пойтахтда жойлашган ҳукумат қароргоҳида учрашув ўтказган. Музокараларда турли соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий ва халқаро ўзгаришлар, биринчи навбатда Ғазодаги гуманитар инқироз муҳокама қилинган.

Томонлар ҳозирги геосиёсий ноаниқлик халқаро ҳамжамиятдан масъулиятни ўз зиммасига олиши ва можароларни дипломатик йўл билан ҳал этиш йўлларини илгари суришни талаб қилишини таъкидлади.

Етакчилар 4 март куни Қоҳирада бўлиб ўтган Араб саммитининг навбатдан ташқари йиғилишида қабул қилинган Ғазони қайта қуриш бўйича араб-ислом режасини амалга ошириш учун шошилинч халқаро сафарбарлик зарурлигини таъкидлади.

Қайд этиш жоиз, Хитой Бош вазири Ли 9 июль куни расмий ташриф билан Қоҳирага борди ва президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий томонидан қабул қилинди.

Маълумот учун, араб-ислом режаси олти ойлик ўтиш даври учун Ғазо секторини бошқаришни ўз зиммасига оладиган “Ғазо маъмурий қўмитаси”ни яратишни кўзда тутади. Қўмита мустақил ва холис технократлардан иборат бўлиб, Фаластин ҳукумати ҳомийлигида фаолият юритади.

Режа Ғазо бошқарувини тўлиқ фаластинликларга топширишни ва маҳаллий тузилмалар томонидан барча қарорларни амалга оширишни кўзда тутади.

Бундан ташқари, Миср ва Иордания Ғазода жойлаштириладиган фаластинлик полициячилар учун тренинглар ўтказиш ниятида.

Миср фаластинликларнинг мажбурий кўчирилишига қарши ва Фаластин миллий ишига зарар етказмасдан Ғазони қайта қуришни назарда тутувчи кенг қамровли араб режасини ишлаб чиқди. Шу муносабат билан Қоҳира халқаро ҳамжамиятни депортация сценарийларини рад этиш ва тинч йўл билан ҳал қилишни қўллаб-қувватлашга чақиради.

Айни пайтда АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан 25 январдан бери илгари сурилган фаластинликларни Ғазодан Миср ва Иордания каби қўшни давлатларга кўчириш режаси Қоҳира ва Амман томонидан рад этилган. Режага бошқа араб давлатлари, минтақавий ва халқаро ташкилотлар ҳам қарши чиқди.


×