Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида гризли айиғи ҳужуми оқибатида бир аёл ҳалок бўлди, унинг 19 ёшли қизи эса бедарак йўқолди. Уларни қидириш ишлари давомида аёлнинг жасади топилган. Бу ҳақда Британия Колумбияси провинцияси табиатни муҳофаза қилиш хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Женни Балкаррас ва унинг қизи ҳафта охирида бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган. Қариндошлари уларни қидиришни бошлаган. Кейинчалик уларнинг автомобили Белла Кула шаҳри яқинидаги сайёҳлик йўли бошланиш нуқтасидан топилган.
Ҳодиса провинциянинг марказий соҳилида, Белла Кула шаҳридан тахминан 8 километр шарқда жойлашган Снука-Уэст сайёҳлик йўли ҳудудида содир бўлган. Жорий йилнинг 1 ноябрь куни қидирув ишлари давомида табиатни муҳофаза қилиш хизмати ходимларидан бири аёлнинг жасадини топган. Унинг қизини қидириш ишлари ҳозиргача давом этмоқда.
Провинцияда гризли айиқларининг одамларга ҳужуми жуда кам учрайди. Бироқ ўтган йилнинг ноябрь ойида айни шу ҳудудда айиқ мактаб ўқувчилари ва ўқитувчиларига ҳужум қилган. Ўшанда 11 киши жароҳатланган. Айиқ сайр йўлаги бўйида тушлик қилаётган ўқувчилар гуруҳига ўрмондан чиқиб ташланган. Кенг кўламли қидирув ишларига қарамай, уни топишнинг имкони бўлмаган.
Нухалк халқи етакчиси Самуэл Шунернинг айтишича, ҳозирда эҳтимолий ҳужумга алоқадор айиқни топиш учун тузоқлар ўрнатилмоқда. У, шунингдек, ОАВ вакилларидан маҳаллий аҳоли билан боғланмасликни сўраган.
Тасодифий хабарлар
Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Россия Федерациясида бўлади
Ҳажда элликбошилик қилаётган ўзбекистонлик имом вафот этди
Эроннинг Исроилга етказган зарари очиқланди
Россия босқинига учраган Киев Анқарага илтимос билан чиқди
Ўзбекистон Қирғизистонга 145,6 млн киловатт/соат электр энергиясини қайтарди