Айни пайтда дунёда ҳамон коронавирус пандемияси авж нуқтасида турган бўлса-да, шифо топаётган беморлар сафининг кенгайиб бораётгани одамларда ушбу инфекцияни енгишга бўлган ишончни бермоқда. Юртимизда ҳам сўнгги кунларда соғайганлар кўпайиб бораяпти.
Жумладан, Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган навбатдаги 10 нафар бемор буткул соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Тузалганларнинг 6 нафари пойтахтимиздан, 3 нафари Тошент вилоятидан ва 1 нафари Қашқадарё вилоятидан. Улардан 7 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, юқтириб олишган. Шунингдек, уларнинг 2 нафари Россиядан пойтахтимизга келган ва “Сокол” оромгоҳида карантинга олинган, яна 1 нафари эса Москва – Тошкент йўналишида чартер рейси орқали келгач, Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказига жойлаштирилган. Уларда коронавирус инфекцияси аниқлангач, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида даволанишни бошлашган. Беморларнинг 6 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 13 ёшда.
Сўнгги текширув натижалари ушбу беморларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 17 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 27 нафарга етди.
Айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 214 нафар бемор тўлиқ соғайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Тасодифий хабарлар
Депутатлар автомобиллар ойнасини тўсиш бўйича таклиф киритди
Президент ўз белгиси ва байроғига эга бўлди
Автомобиль ойналарини қорайтириш учун рухсат олган ҳайдовчилар жаримага тортилганликлари ҳақидаги маълумот ҳақиқатдан йироқдир
«Амалдор хизмат автомобилини тонировка қилган ҳолда юрган бўлса, халқнинг пулига хиёнат қилаётган бўлади»
Ўзбекистонда ҳар минг оиладан 175 таси ажрашади