Ана холос! Тошкент вилоятида бир одам 52 кишига коронавирус юқтирган

Ана холос! Тошкент вилоятида бир одам 52 кишига коронавирус юқтирган

Тошкент вилоятида бир одам 52 кишига коронавирус юқтирган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида айтиб ўтди.

Унинг айтишича, бемор йўталиш, тана ҳароратининг кўтарилиши ва нафас сиқишига қарамай тўртта ташкилотга борган. Бу бемор 52 кишига касалликни юқтирган. Шу сабабли ушбу ташкилотларнинг барчаси ёпилган.

Вазирнинг таъкидлашича, асосан хорижда ишловчи шахслар Ўзбекистонга қайтгандан сўнг оила аъзоларига касалликни юқтириб қўймоқда.

«15 март куни хориждан келган ҳамюртимиз 15 нафар шахсга касалликни юқтирган. 27 март куни Андижонда касаллиги аниқланган шахсдан ота-онасига коронавирус юққан. Унинг отаси яна 36 ҳамкасбига коронавирусни ўтказган.

Ҳамкасбларидан бири 4 нафар қариндошига юқтирган. Ундан ташқари яна мулоқотда бўлганлардан 3 кишига касаллик ўтган. Бир кишидан 46 нафар одамга коронавирус тарқаган», — дейди Алишер Шодмонов ва бемор касаллик аломатлари кўрина бошлаганда ҳам шифокорларга хабар бермаганини афсус билан таъкидлаган.

«Яна бир бемор учта ташкилотда ишлаётган бўлган. У сабабли 100 дан ортиқ инсонларни кузатувга олишга мажбур бўлдик. Касаллик бошланганини билгани ҳолда шунча одам билан мулоқотда бўлган», — дейди вазир.

Шунингдек, беморлар орасида касаллик аниқлангандан сўнг ҳам шифокорларга қулоқ солмасдан, ўз билганини қилиб юрганлар учраб турганини таъкидлаган. «Ўзинг бутун маҳаллага юқтириб бўлдинг, керак бўлса яшириб юрдинг, хиёнат қилдинг, энди ҳеч бўлмаса шифохонага келгандан кейин шифокорларнинг айтганини қилиш керак эмасми? Йўқ, манманлик билан тавсияларга қулоқ солмасдан юрганлар ҳам бор. Мана шундай беморлардан бири ҳозир ИВЛ аппаратига улаб қўйилган, сунъий нафас бериляпти», — дейди Алишер Шодмонов.

«Мамлакатда чеклов чоралари кўриляпти. Ҳозир уйда бўлишимиз шарт. Машинасида, велосипедида, пиёда айланиб келишга чиқаётганларга мурожаатим — ҳаммамиз сабр қилишимиз керак.Қачонки интизом бўлса, барча тартиб-қоидага бўйсуниб, икки ҳафта уйимизда ўтирсак, ҳаммаси ўтиб кетади. Шунда биринчи навбатда оила аъзоларимизни сақлаб қолган бўламиз. Ҳатто оилада ҳам қучоқлашиб кўришманг. Ҳамма билан масофада гаплашинг», — деди Алишер Шодмонов.

×