«Тахти Қубод» («Қубод тахти») газетаси Тожикистоннинг Хатлон вилояти, Қубодиён туман маъмуриятининг расмий нашри ҳисобланади. Маҳаллий амалдорларнинг журналистлар билан ҳамкорлик қилмаётганига раддия сифатида газетанинг биринчи саҳифасини бўш ҳолда чоп этилди. Бу ҳақда Фергана.ру нашри хабар бермоқда. «Озоди» радиосининг хабар беришича, бу илк бор Тожикистонда давлат нашрининг норозилик билдиришидир.
«Тахти Қубод»нинг бош муҳаррири Адолат Сайфуллоева газетанинг иккинчи саҳифасида берилган мақолада «биринчи саҳифа — раҳбар ўз юзини кўрадиган ойнадир», деб ёзади. «Бу объектив маълумот берилмаётганига қарши норозилик ифодасидир», — дея изоҳ беради Сайфуллоева. Бош муҳаррир раҳбарлардан бирортаси йил давомида газета учун битта сатр ҳам ёзмаганидан шикоят қилади.
Сайфуллоева газетанинг бундай чоп этилиши раҳбариятга ёқмаслиги мумкинлигини ёзади, лекин у шу йўл билан тумандаги барча муаммоларни фақат иккитагина журналист ёритаётганига эътибор қаратмоқчи. Қубодиён туман ижроия ҳукуматининг газетаси саккиз саҳифада чоп этилиб, ягона маҳаллий нашр ҳисобланади. Газетани ярим ставкада ишлаётган иккита ўқитувчи тайёрлайди.
Раҳбарлар билан боғланолмаслик — Тожикистон матбуотидаги энг катта муаммолардан биридир. Давлат тизими ва бошқа ташкилот мулозимлари матбуот хизмати ёки жамоатчилик билан алоқа қилувчи департамент борлигига қарамасдан, журналистлар берган сўровларга жавоб бермайдилар, турли баҳона ишлатадилар. Журналистлар бундан кўп шикоят қилганлар, шунингдек, чет эл журналистларини аккредитациядан ўтказиш механизми ҳам кўпинча босим ўтказиш инструментига айланган.
Тожикистон мустақил ОАВ ассоциацияси август ойида сўров ўтказиб, 96 фоиз тожик журналистларининг маълумот олиш жараёнидан қониқмаётганини аниқлаган. Матбуот хизматларининг ёзма ва оғзаки жавобларида асосан раҳбарнинг иш жойида эмаслиги важ қилиб қўрсатилади.
Тасодифий хабарлар
Президент ер участкаларини хусусийлаштиришга оид қонунни имзолади
Москва тинчлик ўрнатиш бўйича Киевга аниқ таклифлар берди – Лавров
Россия газидан воз кечаётган ЕИнинг режалари очиқланди
Шавкат Мирзиёев «мудраб ўтирган» раисларни фаолликка чақирди
«UEFA» президенти «Реал», «Барселона» ва «Ювентус»ни 2 йилга Еврокубоклардан четлатмоқчи