Кўрдим, чироқни ёқ! Миришкорда сайлов саҳналаштирилдими?

Кўрдим, чироқни ёқ! Миришкорда сайлов саҳналаштирилдими?

Кўрдим, чироқни ёқ!
Шунақа латифани биласиз-а? Чироқ ўчганидан бировнинг ҳақини еб қўяди кимдир.
Ана шу латифа асосидаги томошани бугун Қашқадарё вилояти Миришкор тумани (яна!) Жейнов шаҳарчасидаги 850-Каттапой сайлов манзилида саҳналаштириб, чиройли қилиб ўйнаб беришди. Бу ҳақда ёзувчи ва блогер Каримберди Тўрамурод Фейсбук саҳифасида ёзди.



Блогер ёзмоқда:
"Саҳналаштирувчи режессёр: сайлов манзили раиси (балки ҳокимдир, балки оти кейинроқ айтиладиган номзоддир).
Бош ролларда: сайлов комиссияси аъзолари.
Томошани тасвирга олувчи: УзЛиДеП кузатувчиси Муродбек Ёмғиров.
Томошанинг қизиқ жойини айтиб бера қоламиз. Айнан шу жойини тасвирга олиш учун Муродбек 12 соат тик туриб, тарихий лаҳзаларни пойлаган!
Хуллас, соат 20:00. Чироқ лип этиб ўчади.
– Кўрдим! Чироқни ёқ! – деб бақиради кимдир.
Чироқни ёқишса, сайлов қутисига “почка-почка” бюллетенлар боғлами билан “қўшилиб” қолибди.
Ана шу жойини қойилмақом қилиб ўйнаш учун қанча актёрлик маҳорати, қанча машқ, қанча довюраклик керак? Туман электросети билан тил бириктира олиш керак! Ахир чироқ ўлгурни айнан 20:00 да ўчиришнинг ўзи бўладими?
Хуллас, “почкалаб” ташланган бюллетенларни ажратиб олишаётганда сценарий бўйича, уларнинг устига қолган бюллетенлар сочилиб кетиши керак эди. Аммо бу томоша ёқмаганлар “почкалар”нинг катта қисми, тахминан 75 фоизини ажратиб олишга улгурадилар. Натижа?
Натижага қаранг: Қашқадарё вилоят кенгаши депутатлигига номзод Бегалиев Абдувоҳид Турдиалиевич фойдасига 400 дан ортиқ олдиндан тўлдириб “почкаланган”, сайлов қутиси тешигидан ташланган бўлишига ишониш учун одам сал овсарроқ бўлиши талаб этиладиган бюллетенлар боғлами “четга олиб қўйилди”.
Шу ерда томоша тугади! Аммо...
Аммо бу Жейновда тугади. Қолган сайлов манзилларида ҳам бугун 20:00 да чироқ ўчирилган-ку? У жойларда “Кўрдим, чироқни ёқ”, дейдиган Муродбеклар йўқ эди-ку? Бошқа манзилларда қайси томошалар кўрсатилди экан?
Мени бошқа савол қийнайди: Бундан ким ютди?
Сайлов комиссиясидагиларми?
Менимча, йўқ! Муробек бутун дунёга кўрсатган “томоша”нинг монтаж эмаслиги, бошқа йилдан қолган кадлар эмаслиги исботланса, сайлов участкасидагилар камида қамалади!
Бегалиев Абдувоҳид Турдиалиевичми?
Яна йўқ! Чунки унинг номи бугун булғанди. “Почка-почка” қоғоз билан булғанди! Ўйиннинг бошиданоқ ғирромлик қилган депутат сайлангандан кейин нималар қилишини бугун бутун дунё билиб бўлди!
Туман аҳлими?
Яна йўқ! Шусиз ҳам оти отнинг қашқасидек бўлиб қолган туман яна бир марта шарманда бўлди.
Вилоятми? Э, йўқ! Янги ҳоким бундан хабар топса, жуда ёммммон қилади!
Сайлов ташкилотчиларими?
Афсуски, энг кўп ютқизган шулар бўлади. Чунки, энди бу ерда сайлов бошқатдан ўтказилади. Яна ташвиш, яна бош оғриқ, яна харажат...
Энг ёмони, бошқатдан бўладиган сайловга минглаб кузатувчи келади.
Энг қизиғи, бошқатдан бўладиган сайловда Бегалиев Абдувоҳид Турдиалиевичнинг номзоди, менимча, бўлмайди.
Аммо буларнинг ҳаммаси менинг фикрим!
Менинг фикрим эса, ҳамиша “каттакон”ларнинг фикридан бошқача бўлган!
Ҳатто уларнинг “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар!” деган фикридан ҳам. “Янги сайловлар – Эски ўйинлар!”
(Муродбекнинг жонли эфири ҳаволасини қўйган эдим, "инвалид" бўлиб қолди. Шу боладан хабар олинглар, яна чироқ ўчди, шекилли. Ким билади, Қашқадарёда чироқ ўчганда нима ишлар бўлади! Яхшиям сақлаб қўйган эдим, менинг чироғимни ўчира олмасалар керак...)"

Ушбу фельетон юзасидан Қашқадарё вилоят сайлов комиссияси хабар берди:

Fасebook ижтимоий тармоғининг “Халқ билан мулоқот” гуруҳидаги блогер Каримберди Турамуроднинг “Кўрдим, чироқни ёқ!” сарлавҳали хабар Қашқадарё вилоят сайлов комиссияси томонидан ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексининг 10-моддасида қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт деб таъкидлаб ўтилган.

Хабар ва унга илова қилинган видео тасвирдаги маълумотлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун Миришкор туман прокуратурасига тақдим этилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Сайлов кодексининг 96-моддасида сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган.

×