Тўра Боболов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда

Тўра Боболов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда. 

Норасмий манбаларнинг хабар беришича, Боболовнинг ўрнини бўшатиши аниқ бўлиб бўлган, бироқ унинг ўрнига номзод танлаётгани боис жараён бироз чўзилмоқда. 

Қайд этиш жоиз, бундан бир неча кун олдин Президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳокимлар танқид остига олинган эди. 

Ушбу мажлисда Мирзиёев Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга унинг Ангор тумани прокурори Сирожиддин Рамазоновни телефон орқали ҳақоратлаган ва таҳдид аудиоёзувни эслатиб, унинг ишдан олишига шаъма қилган эди:



Сурхондарёда, жаноб, прокурор билан гаплашаётган бир ҳоким бор - 29 та мактаб. Сен прокурор билан телефонда гаплашишдан олдин мактаблар қурилишини жойига қўйиб қўй. Чарчаган бўлсанг, ишдан оламан сени ҳам”, — деган эди Шавкат Мирзиёев. 

Бундан ташқари Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов танқидий видеоселекторида, прокурор билан тортишувдаги овоз Тўра Боболовники бўлганини айтиб, унга нисбатан интизомий чора кўрилганини айтган эди. 

Тўра Боболов, сиз ўрнак бўлмаяпсиз. Интернетда чиққан гапларни монтаж дедингиз, лекин экспертиза сизнинг овозингизни тасдиқлади. Президентимиз топшириғи билан сизга интизомий жазо чораси сифатида ойлик иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жарима қўлланди”, — деди Умрзоқов. 

Администрация раҳбари тегишли мутассаддилар Сурхондарё вилоятини комплекс ўрганиши, муаммоларга ечими билан таклиф тайёрлашини, керак бўлса аниқланган қонунбузилишлар юзасидан жиноий иш очишгача бўлган чораларини кўришини таъкидлаган эди. 

Маълумот ўрнида, Тўра Боболов — 1970 йилда туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, 1994 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармасида турли лавозимларда ишлаган, 2003-2004 йилларда Сурхондарё вилояти Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси раиси, 2004-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи бўлган. 

У 2017 йилдан 2019 йил апрелига қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди. 2019 йил 1 май куни Тўра Боболов вилоят ҳокими этиб тасдиқланган.


Manba: Effect.Uz

×