“Сити” Ҳусанов билан янги шартнома имзоламоқчи

Манчестер Сити” клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов билан шартномани 2031 йилгача узайтириш арафасида турибди. Бу ҳақда “The Athletic” нашри хабар берди.

Манбага кўра, “шаҳарликлар” Ҳусанов билан музокараларни деярли якунлаган. Шунингдек, клуб бельгиялик ҳужумчи Жереми Доку билан ҳам 2031 йилгача амал қиладиган янги узоқ муддатли шартнома имзолашни режалаштирмоқда.

Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити” сафига қўшилган эди. Ўзбекистонлик марказий ҳимоячи дастлаб клуб билан 2029 йилгача мўлжалланган шартнома имзолаганди. Энди эса клуб раҳбарияти унга яхшиланган шартлар асосида янги битим таклиф қилмоқда.

Қайд этилишича, бу қарор нафақат Ҳусановнинг барқарор ва ишончли ўйинлари учун муносиб рағбат, балки клубнинг қимматли активини Европанинг етакчи жамоалари қизиқишидан асраб қолишга қаратилган стратегик қадам ҳам ҳисобланади. Шунингдек, янги шартномага мувофиқ, Абдуқодир Ҳусановнинг ойлик маоши сезиларли даражада оширилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, ўтган мавсум якунланганидан кейин жамоа бош мураббийи Пеп Гвардиола лавозимини тарк этди. Янги мавсумдан бошлаб “Манчестер Сити”ни Энцо Мареска бошқаради.


Теглар:
×