Инсоният “ёстиғини қуритган” дунё тарихидаги энг кучли зилзилалар

Инсоният “ёстиғини қуритган” дунё тарихидаги энг кучли зилзилалар

Табиий офатлар, шу жумладан, вулқон отилиши, сув тошқинлари, ёнғин, об-ҳавонинг кескин ўзгариши, юқумли инфекцияларнинг пайдо бўлиши оқибатида инсоният моддий-маънавий зарар кўрмоқда. Аммо шундай бир офат борки, у нафақат инсониятга, балки набототу жонзотларга ҳам катта йўқотишларни олиб келади. Бу офат – зилзиладир. QALAMPIR.UZ қуйида дунё тарихида кўплаб инсонларнинг умрига зомин бўлган, мамлакатларга катта талафотлар келтирган, инсонлар ҳаётини остин-устун қилиб юборган зилзилалар ҳақида баён этади.

1139 йил, Ганжа зилзиласи – тахминан 11 балл

Ҳозирги Озарбайжон ҳудудининг Ганжа шаҳри яқинида 1139 йилнинг 30 сентябрь куни тахминан 11 балли зилзила содир бўлган. Оқибатда 230 минг киши ҳалок бўлган. Зилзила вақтида Капаз тоғи қулаб, ёнидан оқиб ўтувчи Охсу дарёсининг каналини тўсиб қўйган, оқибатда саккизта кўл ҳосил бўлган, улардан бири Гўйгўл кўлидир. Ушбу кўл ҳозирда худди шу номдаги қўриқхона ҳудудида жойлашган. Ҳозирга қадар зилзила энг кўп қурбонлар қайд этилган бешта ер қимирлашидан бири ҳисобланади.

1556 йил, Буюк Хитой зилзиласи

Хитойнинг Шеньси провинциясида 1556 йилнинг 23 январь куни катта кучдаги зилзила содир бўлган. Табиий офат оқибатида салкам 830 минг киши ҳалок бўлган. Дарё бўйида жойлашган Хуасянь шаҳри буткул йўқ бўлиб кетган. Зилзила туфайли 20 метрлик ёриқлар пайдо бўлиб, 500 километрлик ҳудудга зилзила ўз таъсирини кўрсатади. Дастлабки зилзиладан сўнг узоқ вақт давомида кўплаб ер қимирлашлари кузатилган. 

Ушбу табиий офатдан олдин шаҳарда 2000 га яқин биноларда 6500 нафар аҳоли истиқомат қилган, фалокат туфайли уларнинг ҳеч бири омон қолмаган.

1692 йил, Ямайка зилзиласи

1692 йилнинг 7 июнь куни тахминан 11:43 да Ямайкадаги Порт-Роял шаҳрида содир бўлган. Зилзила оқибатида 2 минг киши цунами, 3 минг киши тарқалган касаллик ва жароҳатлар туфайли ҳалок бўлади. Табиий офатдан олдин шаҳарда 2000 га яқин биноларда 6500 нафар аҳоли истиқомат қилган, зилзила туфайли уларнинг ҳеч бири омон қолмаган.

1693 йил, Буюк Сицилия зилзиласи

Сицилия (Италия) тарихидаги энг кучли зилзила бўлиб, 1693 йил Этна вулқони отилиши ортидан содир бўлади. 100 минг нафарга яқин одамлар ҳалок бўлган. Шундан сўнг архетиктуранинг барокко услубида янги кўриниш “сицилия-барокко” йўналиши пайдо бўлади.

1908 йил, Мессина зилзиласи – 7,8 балл

1908 йил 28 декабрь куни соат 5:20 да Сицилия ва Аппенин яримороли ўртасида 7,8 магнитудали ер кўчиши содир бўлади. Натижада 3 метрлик сунами юзага келади. Бу зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони турли маълумотларда 200 минг нафаргача деб қайд этилган.

1948 йил, Ашхобод зилзиласи – 7,3 балл

Рихтер шкаласи бўйича 7,3 балли зилзила 1948 йил 6 октябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда маҳаллий вақт билан 02:17 да содир бўлади.

Зилзила ўчоғи 18 км чуқурликда жойлашган эди. Зилзила гипомарказида тебранишлар 9-10 баллгача етган. Шаҳар тўлиқ вайронага айланиб, ҳалок бўлганлар сони эса 35 минг кишини ташкил қилган.

Туркманистоннинг бошқа шаҳарларига 120 та ҳарбий ва фуқаролик самолётлари орқали 8799 киши эвакуация қилинади. 1995 йилдан бери Туркманистонда 6 октябрь – Хотира куни сифатида нишонланади.

1966 йил, Тошкент зилзиласи – 8 балл

1966 йил 26 апрелда 8 балли зилзила манзили бўлган Тошкент катта йўқотишларни бошдан кечирган. Силкинишлар бир неча кунгача вақти-вақти билан такрорланиб турган.

Бунинг оқибатида 78 минг оила бошпанасиз қолган, 2 миллион квадрат метр ердаги турар-жойлар, 7600 ўринли мактаблар, 2400 ўринли боғчалар ишдан чиққан, 690 савдо ва 84 турли корхона идоралари зиён кўрган.

Асосий зилзиладан кейин 1966-1968 йиллар оралиғида бир қанча ер силкинишлари давом этади. Марказий сейсмик станция биринчи кучли зарбадан сўнг силкинишларнинг 2500 дан ортиқ такрорланганини қайд қилган.

1988 йил, Арманистон зилзиласи – 10,5 балл

1988 йил 7 декабрда Арманистондаги 10,5 балли ер қимирлаши оқибатида 25 минг одам ҳалок бўлган. 8 миллион квадрат майдондаги уй-жой вайрон бўлган, 514 минг киши бошпанасиз қолган.

Харобалар остида қолганлардан 15 мингдан ортиқ киши қутқариб олинган. Ер силкиниши 4 та катта шаҳар – Ленинакан, Кировокан, Спитак ва Степанаван ҳамда 58 та яшаш пунктларини ўз ичига олган.

Шулардан 1,5 мингта қишлоқ вайрон бўлган, 12 та шаҳар шикастланган, улардан 3 таси батамом йўқ бўлиб кетган.

1990 йил, Эрон зилзиласи – 8 балл

Мамлакат тарихидаги энг катта моддий зарар келтирган зилзила 1990 йилда содир бўлган. 8 балли ер қимирлаши оқибатида 50 минг одам ҳалок бўлган, 1 миллионга яқин киши жароҳат олган.

2011 йил, Япония зилзиласи – 9 балл

2011 йилнинг 11 март куни маҳаллий вақт билан соат 14:46 да Хонсю оролининг шарқий қирғоғидаги “Буюк шарқий япон зилзиласи” номини олган ер силкиниши содир бўлади. Зилзила шкала бўйича 9 балл дея баҳоланган. Зилзиланинг ўчоғи Тинч океанининг 35 км чуқурлигида жойлашган эди.

Зилзила ортидан цунами юзага келган ва 69 дақиқа ўтгандан сўнг цунами Сендай шаҳрини сувга ғарқ қилган. Бу табиий офат дунё тарихидаги энг кучли зилзилалар қаторида еттинчи, турли баҳоларга кўра 6, 5 ёки 4-ўринда туради. Ҳалок бўлганлар сони бўйича эса Японияда 1896 ҳамда 1923 йилги зилзилалардан ортда қолади.

Нурмуҳаммад Файзуллаев


×