Хоманаий сулҳдан кейин илк бор оммавий чиқиш қилди

Хоманаий сулҳдан кейин илк бор оммавий чиқиш қилди

Бугун, 26 июнь куни Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил билан сулҳ тузилганидан кейин илк бор омма олдида чиқиш қилиб, халқини ғалаба билан табриклади. Бу ҳақда “Mehr” хабар берди.

Хоманаий ўз мурожаатида Эрон халқи ва ҳукуматини АҚШ ҳамда Исроил устидан қозонилган “ғалаба” билан табриклаган.

“Фосиқ сионистик тузум устидан қозонилган ғалаба билан табриклайман. Шовқин-сурон ва баёнотларига қарамай, сионистик тузум деярли қулади ва Ислом Республикаси зарбалари остида тор-мор қилинди,” дейди у.

Орадан кўп ўтмай, унинг АҚШ устидан “ғалаба” қозонилгани ҳақида айтилган иккинчи баёноти ҳам эълон қилинди.

“Севимли Эронимизнинг Америка режими устидан ғалабаси билан сизларни табриклайман. Америка режими бевосита урушга аралашди, чунки у аралашмаса, сионистик тузум бутунлай йўқ қилинишини ҳис қилди. У уни қутқариш учун аралашди, лекин ҳеч нарсага эриша олмади,” дейди Эрон етакчиси.

Ушбу чиқишдан олдин Эрон жамоатчилигида Хоманаий бир ҳафтадан буён жамоатчиликка кўринмаётгани ва ҳеч қандай баёнот бермаётгани фонида унинг саломатлиги ва жойлашуви борасида хавотирлар ортиб бораётганди. Эрон расмийларининг айтишича, у суиқасд хавфи сабабли электрон алоқалардан бутунлай узилган ҳолда ер ости бункеридан вақтинча бошпана олган.

Исроил билан 12 кунлик Эрон-Исроил можароси давомида Хоманаий икки марта баёнот берган эди. Бироқ АҚШ томонидан Эроннинг ядровий объектларига ҳужум қилинганидан, Эрон эса Қатардаги АҚШ базасига зарба берганидан ва Эрон ва Исроил ўртасида сулҳ эълон қилинганидан сўнг у ҳеч қандай баёнот бермаганди.


×