Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпиони: «Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!»

Официантлик қилаётган Ўзбекистон чемпиони: «Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақат фоҳишаликка эмас!»

Атрофимизда фаолияти муҳим, лекин биз буни яхши билмайдиган касб эгалари кўп. Улар ҳам жамиятимизнинг бир қисми. Бироқ гоҳида айрим инсонлар улар билан мулоқот қилгани ор қилади. Уялади! Аммо улар ҳам одам. Инсон! Уларнинг ҳам кўнгли, ҳис- туйғулари бор.

«Дарё» ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга, бироқ жамоатчилик эътиборидан кўпинча четда қоладиган касб эгалари билан суҳбат қилди. Лойиҳанинг бу галги қаҳрамони официантлик қилаётган қиз.

Суҳбатдошимизнинг илтимосига кўра, исм-шарифи ҳамда шахсини ошкор этиши мумкин бўлган бошқа маълумотлар ўзгартирилди.

Исмим Мадина. Яқинда 23 ёшга тўламан. Оилада 2 та қизмиз: опам ва мен. Онамбизни бир ўзи катта қилган. Ҳозир шаҳар ободонлаштириш бўлимида ишлайди. Ўтган йили ўқишга топшириб, шартнома асосида ўқишга кирдим, лекин шароитимиз йўқлиги учун ўқий олмадим. Кейин онамнинг ёнида ишлай бошладим. Ўтган йилибанкдан катта кредит олиб, опамни турмушга узатдик. Шунинг учун яна қўшимча иштопишга тўғри келди. Ҳозир шаҳарни марказида жойлашган кафеда официантлик қиляпман.

Кун тартибим жуда қизиқ. Ҳар куни саҳар соат 4 ларда туриб ободонлаштиришдагиишимга бораман. Кўчаларни супурамиз, тозалаймиз. У ердаги ишларимни битириб, соат 8:30 ларда кафега келаман. Кейин кечки соат 10 ларгача официантлик қиламан. Ҳозир кўпроқ пул бўлсин, деб идиш-товоқларни ҳам ювяпман. Оладиганпулимга келсак, кунига 30 минг сўмга ишлайман. Яна йўл ҳақи учун ҳам уч минг сўм қўшиб беришади. Еб-ичишим кафе ҳисобидан. Лаваш, ҳоддог—«фаст фуд»ларни еб куним ўтади. Баъзида овқат ҳам қилиб беришади. Хуллас, бу ерда оч қолмайман.

Мен ҳам одамман!

Биласизми, кафега турли хил феъл-атворли одамлар келади. Ишим туфайли ҳаммаси билан мулоқотда бўламан. Масалан, кимдир яхши муомала қилиб синглим қараб юборинг, деса, кимдир эса ҳуштак чалиб, ҳей қаравор, дейди. Айниқса, ёши катта аёллар бизга жуда қўпол муносабатда бўлади. Ёш йигитлар ҳам одамлар олдида ўзини кўрсатгиси келадими, билмадим... Гоҳида бизни одам ўрнида кўришмайди. Жеркиб, овозини кўтариб гапиради.

Бошида жуда қаттиқ хафа бўлардим. Ахир мен ҳам ҳамма қатори инсонманку, айбим официантлигимми ё уларга хизмат қилганимми? Шунча беҳурматликни ўрнига яхши гапиришса нима қилади? Ёки бирор жойи камайиб қоладими? Ахир, «сен» ҳам, «сиз» ҳам бир оғиздан чиқадику, деб ҳожатхонага кириб олиб роса йиғлардим. Лекин... яна ўзимни қўлга олиб, мижозларни ёнига бориб хизматимни қилиб кетаверардим.

Яхшими, ёмонми харидор ҳамиша ҳақ!

Биласизми, дунёда энг ёмони нима? Сизни беҳурмат қилган инсонга яна бориб хизмат қилишингиз, қанча ёмон гапирса ҳам бир сўз деёлмай жим туришингиз, гапларига яраша жавоб қайтаришга ёки қовоқ солишга ҳаққингиз йўқлиги... Қоидага кўра, харидор ҳамиша ҳақлиги, очиғи, жуда алам қилади.

Лекин ҳар қандай вазиятда ҳам ўзимни босиб, кулиб муомала қилишга ҳаракат қиламан. Шу пайтгача бирор марта қўполлик қилмаганман. Агар қаршилик кўрсатсам ёки бирор ортиқча гап гапирсам ишимдан айриламан. Лекин бизни каттақарзларимиз бор. Узишим шарт. Бўлмаса онамни бир ўзига жуда қийин бўлади. Шунинг учун тишимни тишимга қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандай хизматимни қилиб кетавераман.

Официант аёллар енгилтакми?

Инкор қилмайман, ишимизда бундай аёллар бор. Менимча, бу одамни касбига эмас, балки табиатига боғлиқ бўлса керак. Ишимизда доим кулиб яхши гапириб турганимизгами, билмадим, ҳаммани «шунақа» деб ўйлашади. Лекин беш қўл баробар эмас. Афсуски, кўпинча уларнинг касрига биз қоламиз. Баъзилар гоҳида кўчада юрганимизда ҳам ёмон қизга қарагандай қарайди. Эътибор қилмасликка ҳаракат қиламан.

Ҳаётда жиддий қизман. Спорт билан шуғулланганман. Шунинг учун тегажоғлиқ қилишларига имкон бермайман. Агар ишда мижозлар шахсий саволлар беришни бошласа, «Кечирасиз бирон нима ‘заказ’ қиласизми?» деб гапини бўламан. Агар яна хушомад қилаверса, шарт кетвораман. Уришиб ё тортишиб ўтирмайман. Кейин кафедаги бошқа официант йигитлар ҳам мени бу борада хафа қилдириб қўймайди.

Пул топиш учун ҳаммасига розиман, фақатфоҳишаликка эмас

Ҳеч ким ўзи хоҳлаб бировни хизматини қилмайди. Бегоналарнинг қўпол муомаласига чидамайди. Лекин одам бошига тушмагунича ҳис қилмас экан. Биласизми, кунига 3-4 соатгина ухлайман, холос. Охирги пайтларда жисмоний меҳнат, айниқса, одамларнинг гапи оғирлик қиляпти. Баъзан шундай уйқуга зор бўламан, чарчаганимдан иш пайти столда ўтириб ухлаб қоламан. Шунақа пайтлар бор-э, деб ҳаммасини ташлаб кетворгим келади. Лекин қийналаётган онам, бўйнимизда турган қарзлар кўз олдимга келиб ўзимни босаман.

Ўзим билан ўзим гаплашаман, тасалли бераман. Чунки инсонга энг яхши дўст бу унинг ўзи экан. Бугун ҳамманинг дарди ўзига етарли...

Бу дунёда онамданда қадрли кишим йўқ. Биласизми, мен қарзларимиздан қутулиб,онам яхши яшаши учун, майли, ҳар қандай муомалага чидайман. Пул топиш учун ҳар қандай ишга тайёрман, лекин фоҳишаликка эмас.

Тўғри, ҳозир яшаш қийин. Муҳтожлик, иложсизлик нима эканлигини жуда яхши биламан. Лекин бу осон йўл қидириб, харом ишлар қилиш керак дегани эмас. Ҳою-ҳавас деб у дунёни бой бермаслик керак. Бунга ҳеч қачон рози бўлмайман.

Ишонаман, бошимдан ўтказаётганларим шунчаки синов, қийинчиликлар абадий эмас. Худо хоҳласа, ҳаммаси ўтиб кетади.

500 сўмлик чой пули

Одатда бизда ҳеч ким чойпули қолдирмайди. Лекин баъзан мижозларнинг 500 ёки 1000 сўм қайтимни олиб чиққунимча, қолаверсин синглим деб кетиб қолишади. Аммо пулларни ўзимга олиб қолмайман. Ҳаммасини кассага топшираман. Шунинг учун ҳар куни йўлкирамга уч минг сўм берадилар.

Топиш-тутишим ёмон эмас. Ободонлаштиришдан 650 минг сўм ва кафедан эса 800 мингга яқин пул оламан. Ҳаммаси кредитимизга ўтади.

Спорт — менинг ҳаётим

Болалигимдан спорт билан мунтазам шуғулланаман. Бир неча йил олдин қўл жангибўйича Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Спорт менинг ярмим. У мени ғазабимни босишга, иродали бўлишга ўргатди. Шунинг учун спортсиз  ҳаётимни тасаввур қилолмайман.

Бироқ мусобақаларнинг бирида спарингда қаттиқ жароҳат олганман. Шунинг учун ҳозир оқсоқланиб юраман. Лекин бу мени спортдан қайтармайди. Анчадан буён жароҳатимни даволаш учун сув полоси билан шуғулланяпман. Терма жамоааъзосиман. Машғулотларимиз ҳар куни, лекин ишлаётганим сабабли ҳафтада 2 марта бораман. Худога шукр, кафедаги бошлиғимиз жуда тушунган инсон. Ҳафтада икки кун туш пайтида спорт залга боришимга рухсат беради.

Биласизми, спортдан куч оламан, шуғулланиб шундай мазза қиламан. Бутун оғриқларим, аламларим, нафратларим— ҳаммаси эсимдан чиқиб кетади. Шунинг учун спортни жуда яхши кўраман.

Мени ҳам улар каби бўлишни истайман

Ҳозир тенгдошларим олийгоҳларда таҳсил оляпти, кимдири эса янги келинчак... мазза қилиб ёшлик даврини суриб юрибдилар. Мен ҳам улар каби университетларда ўқишни, бир оиланинг бекаси бўлишни хоҳлайман.

Лекин кредитларимиз узилгунга қадар қалбимдаги бор орзуларимни, ҳис-туйғуларимни йиғиштириб қўйишга мажбурман. Чунки ҳозир орзуларим томон борадиган бўлсам, онам бир ўзи қийналиб қолади. Ўзи бир йили кетиб, 2 йили қолди. Худо хоҳласа, қарзлардан қутулсак, ҳаммаси зўр бўлади.

Келажакда спорт йўлидан кетиш ниятидаман. Машҳур спорт мураббийи бўламан, агар бунга эришолмасам психолог бўламан. Эртага ким бўлсам ҳам катта инсон бўламан. Шунда онам ҳеч нарсага зориқмай яшайди. Кейин онамни ҳажгажўнатаман.

Одамлардан нафратланмайман

Улғайганим сари одамлардан хафа бўлмай қўйдим. Қўли кесилган одам оғриқни фақат ўзи билганидек, инсонлар ҳам ўша вазиятга тушмагунича дардни ҳис қилолмас экан. Лекин мен уларни тўғри тушунишга ҳаракат қиламан.

Англадимки, инсонлар аламини доим бошқалардан олишга мойил экан. Шунинг учун кимдир қўпол муомала қилса, кўнглимни оғритса, балки оиласида тинчлик йўқдир, ким биландир уришгандир ё иши ўхшамай асабийлашиб қолган, шунинг учун ҳозир мендан аламини оляпти, деб ўйлайман. Чунки ишонаман, одамлар бир-бирига ҳеч бир сабабсиз зиён етказмайди, дилозорлик қилмайди.

Ҳаётимдан эса сира нолимайман. Нолиб нимаям қилардим. Йиғлаганим ёки дод солганим билан нимадир ўзгарармиди, ундан кўра ҳар берган кунига шукр қилиб яшайман. Онам бор, тўрт мучам соғ экан мен дунёдаги энг бой ва бахтли одамман!

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди

×