Британияга йўл олган 300 муҳожир ўғирлаб кетилди

Британияга йўл олган 300 муҳожир ўғирлаб кетилди

Ливияда Буюк Британияга йўл олган 300 дан ортиқ ноқонуний муҳожир ўғирлаб кетилди ва уларга ҳатто ички аъзоларини олиб ташлаш билан таҳдид қилинди. Бу ҳақда BBC хабар берди.


Ироқ Курдистонидан чиққан ушбу ёш муҳожирлар 2025 йил ёзида Ливияда полиция томонидан қўлга олинган. Жиноятчилар ҳар бир гаровдаги шахс учун 5 минг доллар товон талаб қилган ва пул ўз вақтида берилмаса, уларнинг буйраклари олиниши билан қўрқитган.

Маълум қилинишича, асирлар жуда оғир шароитларда сақланган. Улар бир кичик хонада юзлаб одам билан бирга қамаб қўйилган, кўпинча кун ёруғини кўрмаган, фақат жуда оз миқдорда овқат олган ва мунтазам равишда калтакланган. Баъзи ҳолларда эса уларга босим ўтказиш учун қийноқлар видеога олиниб, оилаларига юборилган.

Асирлардан бири 178 киши бир кичик камерада сақланганини, ҳатто ётишга ҳам жой етмаганини айтган. Яна бир 16 ёшли ўсмир эса ойлар давомида қуёш нури кўрмаганини билдирган.

Камида бир муҳожир вафот этгани тасдиқланган, бироқ яна қанча одам ҳозир ҳам гаровда экани номаълум. Айрим озод этилганларнинг танасида жарроҳлик амалиётига ўхшаш излар аниқланган, бу эса аъзолар олиб ташланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирган, аммо бу ҳолат расман тасдиқланмаган.

Бу ноқонуний миграция йўлларини асосан контрабандачилар тармоқлари бошқарган. Улар муҳожирларни Шимолий Африка орқали Ливияга олиб ўтиб, кейин Европага етказишни ваъда қилган. Бироқ Ливиядаги қуролли гуруҳлар билан келишмовчиликлар натижасида муҳожирлар гаровга айланган.

Курдистон минтақавий ҳукумати вакиллари ушбу воқеаларни тасдиқлаб, қайтган муҳожирлардан бошқаларни огоҳлантиришни сўраган. Шунга қарамай, хавфли миграция йўллари орқали Европага боришга уринишлар ҳали ҳам давом этаётгани айтилмоқда.


Теглар:
×