ОАВни ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият”га айлантиришнинг ортга қайтмас йўлини танлаганмиз – Саида Мирзиёева

ОАВни ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият”га айлантиришнинг ортга қайтмас йўлини танлаганмиз – Саида Мирзиёева

Ўзбекистон очиқлик, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий "тўртинчи ҳокимият"га айлантиришни кўзловчи, ортга қайтмас йўлни танланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси Саида Мирзиёев бугун, 28 сентябрь куни бўлиб ўтган Ахборотдан эркин умумфойдаланишга бағишланган Халқаро онлайн-конференциядаги нутқида гапирди. 

“Оммавий ахборот воситаларининг ҳақиқий мустақиллигини яратиш каби мураккаб йўлни эндигина бошлаганимизни англаб турибмиз. Ўтган тўрт йил давомида кўп ишлар амалга оширилган бўлса-да, ҳали амалга оширилиши керак бўлганлари талайгина.  Аммо, мамлакатимиз очиқлик, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий "тўртинчи ҳокимият"га айлантиришни кўзловчи, ортга қайтмас йўлни танланганини яна бир бор таъкидлаб ўтишни истардим”, дейди Саида Мирзиёева.

Онлайн-конференцияда ахборотлаштиришдаги бугунги муаммолар ва долзарб вазифалар, Ўзбекистонда охирги йилларда амалга оширилган ишлар ва режалар, журналист ва блогерларга бўлаётган босимлар, оммавий ахборот воситалари фаолияти олдида турган тўсиқлар муҳокама қилинди. 

“Биз хорижий ҳамкорларимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ва тажриба алмашишдан жуда хурсанд бўлардик, бундай ҳамкорлик натижаси ўлароқ лойиҳаларимизни янада мустаҳкамлаш, қонунчилигимиз ҳамда журналист ва блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнини такомиллаштиришда энг яхши тажрибалардан фойдаланиш имкониятига эга бўлардик. Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари муаммолари бўйича қўшма тадқиқотлар олиб боришимиз ва бу йўналишда бошқа лойиҳаларни ҳам амалга оширишимиз мумкин.

Конференцияда иштирок этганларга, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу соҳада мулоқотни ривожлантириш ва юзага келаётган муаммолар бўйича ҳамкорликдаги ечимларни излаб топиш катта аҳамиятга эга эканлигига чин дилдан ишонаман”, дейди Саида Мирзиёева.

У Ўзбекистонда сўнгги 4 йил давомидаги самарали ҳамкорлик учун ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Жон МакГрегорга алоҳида миннатдорлик билдирди. 

×