Тошкентда туман ҳокимлиги мансабдорлари пора билан қўлга тушди

Тошкентда туман ҳокимлиги мансабдорлари пора билан қўлга тушди

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида туман ҳокимлиги мансабдорлари пора билан ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ўтказилган тезкор тадбирда Яшнобод тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларидан биридаги ёрдамчиси ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 5 минг АҚШ долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг кўп қаватли уйнинг 1-қаватидаги турар жой хонадонини нотурар жой тоифасига ўтказишга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали рухсат олиб беришни ваъда берган. Тегишли ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмаклашиш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Терговга қадар текширув давомида ҳоким ёрдамчиси фуқаронинг ишини Яшнобод туман ҳокимияти бўлинма раҳбари кўмагида ҳал қилиши кераклиги маълум бўлиб, тезкор тадбир давом эттирилган ва ушбу мансабдор шахс 600 АҚШ долларини олган пайтда ушланган.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28-211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. 


Теглар:
×