Араб ва ислом давлатлари Ғазо секторидаги жангларни тўхтатиш учун БМТ Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилади. Бу ҳақда Ар-Риёдда якунланган Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти қўшма саммитининг якуний баёнотида сўз борган.
“Халқаро гуманитар ҳуқуқни бузувчи босқинчи давлат томонидан тажовузни тўхтатиш бўйича якуний ва қонуний кучга эга қарор қабул қилиш учун Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қиламиз”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, минтақавий ташкилотлар аъзолари Хавфсизлик Кенгашидан Исроилнинг тинч аҳоли манзилларига ҳужумларини, сув ва электр таъминотини тўхтатишини, шунингдек, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами киришига тўсқинлик қилувчи ва алоқа тизимини издан чиқарадиган ҳаракатларини қоралашни талаб қилиш ниятида. Баёнотда анклавдаги блокадани бекор қилиш, инсонпарварлик карвонларининг узлуксиз ўтишини таъминлаш ҳамда БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва иш олиб бориш агентлиги ходимлари хавфсизлигини кафолатлаш талаб этилади.
Саммит иштирокчилари БМТ Бош Ассамблеясининг Фаластин анклавида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияси муҳимлигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, бу талабга эътибор бермаслик Исроилга бегуноҳ одамлар, болалар, қариялар ва аёлларни ўлдириш, Ғазо секторини харобага айлантириш орқали ўзининг шафқатсиз тажовузини давом эттиришга имкон беради.
Исроилга қурол экспорт қилишни тўхтатиш
Саммит иштирокчилари халқаро ҳамжамиятни Исроилга қурол экспортини тўхтатишга чақирган
"Биз барча мамлакатларни армия ва кўчманчилар Фаластин фуқароларини ўлдириш ва уларнинг уйлари, шифохоналари, мактаблари, масжидлари ва черковларини вайрон қилиш учун ишлатадиган босқинчи ҳокимиятларга қурол ва ўқ-дориларни экспорт қилишни тўхтатишга чақирамиз", дейилади ҳужжатда.
Исроилнинг "ҳарбий жиноятлари" бўйича тергов
Шунингдек, улар Халқаро жиноий суд прокуроридан Исроилнинг Ғазо секторида содир этган “ҳарбий жиноятлари”ни текширишни сўраган.
“Халқаро жиноий суд бош прокуроридан Исроил томонидан босиб олинган барча ҳудудларда, жумладан Шарқий Қуддусда Фаластин халқига қарши содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларни тергов қилишни сўраймиз”, дейилади қўшма баёнотда.
Саммит иштирокчилари Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти котибиятларига Исроил армияси Фаластин анклавида содир этиши мумкин бўлган ҳарбий жиноятлар далилларини ҳужжатлаштиришни топширган. Баёнотга кўра, ҳудудий ташкилотлар котибиятлари томонидан ОАВ фаолиятини назорат қилиш бўйича иккита комиссия тузилади. Ташкил этилганидан кейин 15 кун ичида улар Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Кенгашларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак. Кейин ҳар ойда эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ҳақида далиллар тақдим этилади.
Бундан ташқари, минтақавий ташкилотларга аъзо давлатлар Исроилни Фаластин халқига қарши жиноятлар учун жавобгарликка тортиш бўйича ҳуқуқий ва сиёсий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ниятида.
Гаровга олинганларни озод қилиш
Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Яқин Шарқдаги можаронинг сўнгги авж олиши оқибатида гаровга ёки ҳибсга олинган барча одамларни озод қилишга чақирган.
"Биз барча маҳбуслар ва тинч аҳолини озод қилиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлаймиз ва Исроил минглаб фаластинлик маҳбусларга қарши содир этаётган жиноятларини қоралаймиз. Биз халқаро ҳамжамиятни ва тегишли халқаро ташкилотларни [Исроилга] босим ўтказишга, бу жиноятларни тўхтатиб, уларни содир этганларни қоралашга чақирамиз. Шунингдек, биз ишғолчи армия (Исроил мудофаа кучлари назарда тутилмоқда), яҳудий кўчманчилар томонидан содир этилган қотилликларни, шунингдек, Ал-Ақсо масжиди ҳамда барча ислом ва насроний зиёратгоҳларига қилинган ҳужумларни тўхтатишга чақирамиз. Биз халқаро ҳамжамиятга яҳудий радикал гуруҳларини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишни сўраб мурожаат қиламиз”, дейилади ҳужжатда.
Тақиқланган қуроллардан фойдаланиш
Араб лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Кимёвий Қуролларни Тақиқлаш Ташкилотидан Исроилни халқаро конвенцияларда тақиқланган қуроллардан фойдалангани учун текширишни сўраган.
"Исроилнинг Ғазо сектори ва Ливанга ҳужумларида халқаро миқёсда тақиқланган оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганини ҳамда Ливанни "тош даври"га қайтариш ҳақидаги бир неча бор баёнотлари ва таҳдидларини қоралаган ҳолда, тегишли текширув ўтказиш учун Кимёвий қуролни тақиқлаш ташкилотига мурожаат қилишни зарур деб ҳисоблаймиз", дейилади ҳужжатда.
Саммит иштирокчилари, шунингдек, “Исроил босқинчи ҳукумати аъзоларининг экстремистик ва мисантропик баёнотлари, жумладан, вазирлардан бирининг Ғазо секторида Фаластин халқига қарши ядро қуролини қўллаш таҳдиди”ни ҳам қоралаган. Шу муносабат билан баёнот муаллифлари конференциянинг навбатдаги сессиясини Яқин Шарқда ядро қуроли ва оммавий қирғин қуролларининг бошқа турларидан холи ҳудуд яратиш масаласи бўйича ўтказиш зарурлигини таъкидлаган.
Ғазодаги вазиятни ҳал қилиш учун конференция
Бундан ташқари, араб ва ислом давлатлари Ғазо секторидаги вазиятни яқин келажакда ҳал қилиш учун халқаро конференция ўтказишга чақирган.
"Биз имкон қадар тезроқ халқаро тинчлик конференциясини ўтказишга чақирамиз. Бунинг шарофати билан биз халқаро ҳуқуқ ва “ҳудуд учун тинчлик” тамойилига асосланган тинчлик жараёнини муайян муддатда ва халқаро кафолатлар билан бошлашимиз мумкин. Бу 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларида исроилликларнинг ишғолига чек қўяди”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, иштирокчи давлатлар Фаластин ҳукумати ва БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигига молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун исломий молиявий хавфсизлик тармоғини ишга тушириш ниятида эканини тасдиқлаган. Қайд этилишича, молиявий хавфсизлик тармоғи можаронинг қизғин босқичи тугагандан сўнг, Ғазо секторини қайта қуриш ва Исроил агрессиясининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этишда халқаро ҳамкорларни жалб қилиш зарурлигини кўрсатади.
Ғазога нисбатан икки томонлама стандартлар сиёсати
Баёнотга кўра, Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Исроил ва Ғазо секторига нисбатан икки томонлама стандартлар сиёсатини қоралайди. Таъкидланишича, бу иккилик сиёсати Исроилни ҳимоя қиладиган ва уни қонундан устун қўядиган давлатларга ишончни жиддий равишда йўқотади.
“Биз халқаро ҳамжамиятни Исроилни босқинчи давлат сифатидаги мажбуриятларини бажаришга жалб қилишга ва Фаластин халқига гуманитар ёрдамдан зудлик билан, хавфсиз ва барқарор фойдаланиш имкониятини беришга чақирамиз”, дейилади ҳужжатда.
Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари ғазоликларни анклав шимолидаги уйларини тарк этишга мажбурлаш уринишларини ҳам қоралаган.
“Биз Ғазо сектори ёки Ғарбий Соҳил, жумладан Қуддусдаги шахслар ёки гуруҳларни мажбуран кўчиришга қаратилган ҳар қандай уринишларга қатъиян қаршилигимизни билдирамиз ва бундай ҳаракатларни қизил чизиқ ва жиноят деб биламиз. Шунингдек, биз ички кўчирилганларни зудлик билан ўз шаҳарлари ва уйларига қайтариш зарурлигини таъкидлаймиз”, дейилади араб ва ислом давлатлари раҳбарлари саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда.
Маълумот учун, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд томонидан ташкиллаштирилган мазкур саммитда кўплаб давлатлар раҳбарлари, хусусан, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Сурия Президенти Башар Асад, Иордания Қироли Абдулла II, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров каби раҳбарлар қатнашди. Ўзбекистон делагациясига эса Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилди.
Тасодифий хабарлар
Наманганда пиёз ортилган юк машинаси бетон тўсиққа урилиб, ағдарилиб кетди
Саудия Арабистони зиёратчиларни огоҳлантирди
Ҳасанбой Дўстматов жаҳон чемпионати билан хайрлашди
Хонанда Шаҳзоданинг турмуш ўртоғи Равшан Йўлдошев вафот этди
Наманганда участка учун аталган 9.200 АҚШ доллари фирибгарнинг қўлига тушди